АҚШ Конгрессида Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган резолюцияни маъқуллаш учун қонунчиларнинг тўртта овози етишмади. Бу ҳақда АҚШ Конгресси аъзоси Висенте Гонсалес Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон Кокусининг иккинчи йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.
Кокусга ҳамраислик қилувчи Гонсалесга кўра, резолюция аллақачон 21 конгрессмен томонидан қўллаб-қувватланган. «Биз тез орада АҚШ Конгресси спикери Ненси Пелосининг ушбу резолюцияни маъқуллаши учун яна тўрт кишининг қўллаб-қувватлашига эга бўлишни кутмоқдамиз», — деб тушунтирди конгрессмен.
Бундан ташқари, конгрессмен В.Гонсалес Ўзбекистонга нисбатан «Жексон-Вэник» тузатишининг қўлланилишини тўхтатишга қаратилган махсус «HRes-1913» номли қонун лойиҳасини илгари суриш ниятида эканлигини маълум қилди.
«Ўзбекистон бўйича Кокус»нинг яна бир ҳамраиси, конгрессмен Трент Келлининг айтишича, 2018 йил август ойида гуруҳ ташкил этилганидан буён ҳар икки давлат қонунчиларининг ўзаро ташрифлари сезиларли даражада фаоллашган. Охирги йилларда Ўзбекистонга 35 дан ортиқ конгрессмен ва ходимлар (масъул амалдорлар) ташриф буюрди, бу унинг фикрича, Ўзбекистон ҳар икки партия томонидан қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради. Бундан ташқари, Конгресс вакилининг таъкидлашича, «Ўзбекистон бўйича Кокус» ўз фаолиятини бошлаганида 4 нафар конгрессмен унга аъзо бўлган бўлса, қисқа вақт ичида кокус кенгайиб, аъзо конгрессменлар сони 17 нафарга етган.
Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган махсус резолюция лойиҳаси ўтган йил май ойида АҚШ Конгрессига киритилган эди. Резолюцияда Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлик давом этаётгани алоҳида таъкидланади ҳамда мамлакат муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларда сезиларли муваффақиятларга эришаётгани олқишланади.