Россия томонидан Ўзбекистон билан йўловчи темир йўл алоқаси июн ойи охирида қайта тикланади. Бу ҳақда «Россия темир йўллари» (РТЙ) компанияси матбуот хизмати хабар берди.
23 июндан бошлаб 5/6-сонли Тошкент – Самара поезди қатнай бошлайди. Пайшанба кунлари Тошкентдан, якшанба куни эса Самарадан жўнаб кетади.
25 июндан бошлаб 323/324-сонли Тошкент – Волгоград поезди қатнови йўлга қўйилади. Ўзбекистон пойтахтидан поезд шанба кунлари, Волгограддан сешанба кунлари жўнайди.
Тез орада ушбу поездлар учун чипталар сотуви очилади. Уларни жўнашдан 45 кун олдин сотиб олиш мумкин бўлади.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ушбу хабар тайёрланаётган пайтда маълумотни тасдиқламади. 4 июнь куни Россия ўзбекистонликларнинг мамлакатга кириши учун коронавирус чекловлари бекор қилингани маълум бўлган куни «Ўзбекистон темир йўллари» икки давлат темир йўллари маъмурияти жараённи ташкил этиш, йўловчилар қатнови жадвалини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилаётганини маълум қилди.