Қозоғистон сенати спикери Назарбоевнинг мамлакат сиёсатидан четлаштирилганини маълум қилди

elbasy.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев энди мамлакат сиёсатига аралашмайди. Бу ҳақда Сенат спикери Маулен Ашимбаев маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.

Журналистлар парламентнинг юқори палатаси мажлисида ундан Назарбоев Қозоғистон сиёсатида иштирок этадими, қарор қабул қиладими ва қарор қабул қилинишида ундан маслаҳат олинадими, деб сўрашган.

«Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бугунги кунда сиёсатга аралашмайди. Албатта, референдум каби муҳим тадбирларда қатнашади. Чунки у шу давлат фуқароси. Сиёсатчи, биринчи президент сифатида Қозоғистон сиёсатида қатнашмайди. Биз у билан маслаҳатлашмаймиз», — дейди Ашимбаев.

Сенат раиси, шунингдек, референдум натижаларига кўра, Конституциядан Элбоши (миллат етакчиси, Назарбоев унвони – таҳр.), шунингдек, унинг оила аъзоларига тегишли нормалар олиб ташланганини эслатди.

«Энди «Биринчи Президент тўғрисида»ги Конституциявий қонун ўз кучини йўқотди. Биз уни Конституциядан олиб ташлаганимиз учун бу қонун ҳам ўз кучини йўқотади», — дея қўшимча қилди Ашимбаев (Интерфаксдан иқтибос).

5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Асосий қонунга киритилган ўзгартиришни сайловчиларнинг 77,18 фоизи қўллаб-қувватлаб, 68,05 фоиз иштирок этди. Тасдиқланган тузатишлар 8 июндан кучга кирди.

Конституциянинг янги таҳририда президент қўлида ваколатларнинг ҳаддан ташқари тўпланишидан воз кечиш, унинг яқинларига юқори давлат лавозимларини эгаллашни тақиқлаш, мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш, Конституциявий судни қайта ташкил этиш, ер ва унинг ер ости бойликлари халққа тегишли экани ҳақидаги қоидани мустаҳкамлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 46 моддаси 4 банди ҳам («Қозоғистон Биринчи Президентининг мақоми ва ваколатлари республика Конституцияси ва конституциявий қонун билан белгиланади») бекор қилинди.

Нурсултон Назарбоев январь ойида оммавий тартибсизликлардан сўнг Қозоғистон халқига йўллаган видеомурожаатида 2019 йили президент ваколатларини Тўқаевга ўтказгани ва шундан бери «пенсионер» эканини айтган.

Февраль ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев конституциявий қонунларга Назарбоевнинг Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва Ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишларни имзолаган эди. Ҳужжатда сенаторлар томонидан илгари сурилган ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича ташаббусларни собиқ президент билан мувофиқлаштириш заруриятини бекор қилувчи таклифлар ҳам ўрин олган.

Ўтган ой Назарбоев президент таклиф қилган конституцияга ўзини ва оила аъзоларини имтиёзлардан маҳрум қилган тузатишларни қўллаб-қувватлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ