Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг бир қатор тоифалари учун озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар кўринишидаги моддий ёрдамни нақд пул тўловларига алмаштиришга қарор қилди. Президентнинг тегишли фармони Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга тааллуқли бўлади.
Бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида (БҲМ 1 июндан 300 000 сўм ёки тахминан 27 АҚШ доллари) қўшимча тўлов тўлаб борилади.
Бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида (4,5 миллион сўм ёки 409 АҚШ доллари) тўланадиган компенсация жорий этилади.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати ушбу тоифадаги фуқароларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этишни истайди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг 1-бандида келтирилган имтиёзли тоифадаги шахсларга маҳаллий бюджет, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда моддий кўмак ва ижтимоий ёрдам кўрсатиб боришни таъминлайди.