Россиялик сайёҳдан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади

NGS24 сайти фотосурати

Красноярск ўлкасида яшовчи Полина Ермаковадан олиб қўйилган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади. Россиялик аёлга топширилган ҳужжатда шу ҳақда сўз юритилган, деб хабар беради NGS24.

Ермакованинг учувчисиз учиш аппаратини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирганига доир суд иши 3 июнь куни бўлиб ўтди. Ермакова оқланди, аммо дрон унга қайтарилмайди.

«Суд қарорида айтилишича, энди дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги манфаати йўлида парвоз қилади. Дрон билан [Ўзбекистонга келган] барча йигитларда ҳам худди шундай ҳолат юз берган. Одамларнинг сумкасида дрон борлиги аниқ бўлган тақдирда улар Ўзбекистонга киритилган, кейин дронлар тортиб олинган. Демакки, Ўзбекистонда дрон сотиб олишнинг иложи йўқ, шунинг учун туристлар ҳисобидан уни «етказиб бериш»ни ташкил этиш мумкин эканда?»дея хитоб қилади ўз ватанига қайтган Полина Ермакова.

У Россия элчихонасидан ҳеч қандай ёрдам олмаганини айтади. Аммо дипломатик миссия Ермакова учун қўлидан келган барча ишни қилганлигини таъкидлайди.

«Ходимимиз у билан доимо алоқада бўлган ва Полина ходимимиз билан гаплашганда доимо миннатдорчилик билдирган ва шундай деган: «Тақдиримга бефарқ бўлмаганингиз учун раҳмат, кўп ёрдам бердингиз». Аёл сўзларида қатъиятлик кўринмайди. У учиб кетганидан сўнг, элчихона ҳеч қандай ёрдам бермагани ҳақида айрим хабарлар пайдо бўла бошлади, аммо бу ҳақиқатга зид нарса. Биз Ўзбекистон томони билан боғланиб, нота бердик ва Ермакованинг озод этилишга эришдик», — дея NGS24 элчихона матбуот котибининг сўзларидан иқтибос келтиради.

Полина Ермакова дунё бўйлаб саёҳатлар қилади ва ўз блогини юритади. У 2000 долларлик дронни Янги йилга туфҳа сифатида олган. Красноярсклик аёл ташриф буюрган мамлакатларда осмонга дрон учириш масаласида муаммо туғилмаган.

Россиялик аёлнинг сўзларига кўра, у 15 май куни Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтган. Унинг рюкзакидаги дрон ўзбек чегарачиларида ҳеч қандай савол туғдирмаган.

Бироқ, 17 май куни красноярсклик аёл поездда Бухорога жўнаб кетмоқчи бўлганида, ИИВ ходимлари уни станцияда дрон ётган сумка билан навбатдаги кўрикда қўлга олишган. Дрон мусодара қилинган, ускунани олиб қўйиш тўғрисидаги далолатнома нусхаси Ермаковага берилмаган, унга маҳаллий қонунларга кўра, у уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини айтишган.

Ўзбекистонга дронларни олиб киришни тақиқловчи қонун 2015 йил 1 январдан кучга кирган.Қонунга биноан Ўзбекистонга оғирлиги 250 граммдан ортиқ бўлган, видео ва фото жиҳозлар билан жиҳозланиши мумкин бўлган дронларни олиб кириш мумкин эмас. Ўзбекистонда дронда суратга олиш учун аввалдан расмий рухсат олиш керак.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244.4-моддасига кўра, «учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш» уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қонунда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар юзага келган тақдирда — саккиз ёки ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш муддатини ошириш назарда тутилган. Шахс дронни ихтиёрий равишда топширган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ