Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг 15 кун регистрациясиз юриши доир келишув кучга кирди

Goloskolchugintsa.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки давлат фуқароларининг Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 15 кунгача регистрациясиз бўлишига доир келишув 4 июндан кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги Юридик бошқармаси шарҳида айтилишича, келишувнинг 1-моддасига мувофиқ

бир томоннинг бошқа давлат ҳудудида вақтинча яшовчи фуқаролари 15 кун ичида кирувчи давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод қилинади.

Вақтинчалик бўлиш муддати чегара назорати органлари томонидан муҳрланган миграция картаси ёки паспортдаги тегишли штамп билан тасдиқланган кириш санасидан бошлаб ҳисобланади.

Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишув 2021 йил 17 июнь куни имзоланган. Келишув номаълум муддатга тузилади ва томонлар зарур давлат ички тартиб-қоидаларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради. Шартномани Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида, Владимир Путин эса май ойида тасдиқлаган.

Шартнома кучга киргунга қадар Россия фуқаролари Ўзбекистонда кўпи билан уч кун, ўзбекистонликлар эса Россияда етти кун рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкин эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ