Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб Kun.uz хабар берди.
Жиноятлар Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган пайтда содир этилган. У бир гуруҳ шериклари билан биргаликда 48 миллиард сўм (4,3 миллион доллар) бюджет маблағларини ўзлаштиришга муваффақ бўлган.
Тергов ишларини Бош прокуратура ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бормоқда. 37 нафар шахс жавобгарликка тортилиб, улардан 32 нафари қамоққа олинган. Гумонланувчилар давлатга етказилган зарарнинг 23 фоизини қоплаган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳайдаров май ойи охирида депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган эди, чунки у ҳоким сифатида ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар натижасида давлатга 1,7 млрд.сўмдан ортиқ зарур етказган.
Бундан олдин Ҳайдаров давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм (157,4 минг доллар) зарар етказганликда гумон қилинаётгани хабар қилинганди. У 2019-2020-йиллари ҳам ҳокимлик лавозимида ишлаб туриб, ер ажратишда бир неча бор қонунни бузган.
Жорий йилнинг февраль ойида прокуратура Ҳайдаров аъзоси бўлган халқ депутатлари вилоят Кенгашига уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш бўйича таклиф киритган эди. Ҳужжатда қайд этилишича, ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги муносабати билан уни жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб этиш ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш зарур.
Қонунга кўра, депутатни дахлсизликдан маҳрум қилиш масаласи кенгаш томонидан 10 кун ичида ҳал қилинади. Аммо андижонлик депутатлар Ҳайдаровнинг саволини фақат май ойида кўриб, прокуратура талабини қаноатлантирган.
Баҳром Ҳайдаров 50 ёшда. У 2019 йил октябрь ойида Андижон ҳокими этиб тасдиқланган. Ундан олдинги раҳбар Дилмурод Раҳматуллаев ўша йилнинг ёзида «аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйган хатолари» учун ишдан бўшатилган, шунингдек унинг ишдан кетишига «эротик саргузаштлари» ҳамроҳлик қилган.