БМТ Ўзбекистонда пахтачиликни рақамлаштириш учун 5 миллион доллар ажратади

Пахта терими. afcot.org сайти фотосурати

БМТ тузилмалари ва халқаро ҳамкорлар Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва трикотаж саноатига рақамли технологиялар ва барқарор ечимларни жорий этиш учун 5 миллион доллар ажратади. Бу ташаббус Call To Action ассоциациясининг беш йиллик дастурининг бир қисмидир, деб хабар беради Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг (АОКА) Телеграм-канали.

Дастурнинг мақсади Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг барқарор ва рақамли трансформациясини жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

«Ўзтўқимачиликсаноат» акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорованинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда пахтачиликда блокчейн ечимларини қўллаш кенгайтирилади. Хусусан, ДНК маркерлари бўйича маълумотларни йиғиш ва сақлашда блокчейнни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу кластерларга барқарор пахта етиштириш билан боғлиқ талаб ва стандартларга риоя этилишини назорат қилишни осонлаштиради.

Шунингдек, экспортёрларнинг юқори қўшилган қийматга эга бозорларда савдо ва истеъмол талаби хавфи ва имкониятлари тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида давлат органлари ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари учун тренинглар ўтказилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқарувчилар ташқи бозорларда ихтиёрий барқарорлик стандартлари билан таништирилади ва уларга ихтисослашган онлайн платформалардан фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Қишлоқ хўжалигида блокчейн технологияси хавфсиз муҳитда тўғридан-тўғри (peer-to-peer) тенгдошлар ўртасидаги операцияларни амалга ошириш, реал вақт режимида ҳисоб-китоблар ва ярашувлар, активлар ва маълумотларнинг келиб чиқишини дарҳол аниқлаш ва кузатиш имконини беради, самарадорликни оширади, харажатларни камайтиради, шартноманинг бажарилиши устидан назоратни автоматлаштиради, шунингдек, ахборот шаффофлигини таъминлайди. Блокчейн маҳсулотларни кузатиш, ташиш ва сотишни яхшилайди, қоғоз иш оқими ва қўлда текшириш тизимларидан келиб чиқадиган ноаниқликларни бартараф этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ