Қозоғистон Энергетика вазирлиги давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингандан кейин газ нархи қандай ошишини маълум қилди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Энергетика вазирлиги давлат томонидан тартибга солиш муддати тугагандан сўнг (январдаги тартибсизликлар пайтида 180 кунга жорий қилинган) суюлтирилган газ нархининг кескин ошишидан хавотирда. Бу ҳақда 6 июнь куни парламент депутатлари олдида чиқиш қилган энергетика вазири Болат Оқчулаков маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.

Газ нархининг ошиши 20 фоизга етиши мумкин. «Агар ҳозир нарх бир тонна учун 28 минг тенге (тахминан 65 доллар) этиб белгиланса, у ҳолда 36 минг (83 доллар) бўлади. Улгуржи нархи литри 17 тенгедан 19 тенгега (тахминан 4 сент) кўтарилади. Яъни, литрига атиги икки тенге. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида нарх назорат остида бўлади», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари (Tengrinews.kzдан иқтибос).

Унинг сўзларига кўра, бу ўсиш нафақат давлат органлари томонидан чакана нархларни тартибга солиш механизмининг йўқлиги, балки газ тақчиллиги билан ҳам боғлиқ бўлади, бунинг сабабларидан бирини Оқчулаков «яширин экспорт» деб атаган.

«180 кундан сўнг газ нархи кескин ошишига йўл қўймаслик учун Энергетика вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси билан биргаликда Қозоғистон ички бозорида сотилаётган суюлтирилган газ айланмасини назорат қилади», — деди вазир.

Шу йилнинг январь ойи бошида суюлтирилган газ нархининг ошиши Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди. Янги йилдан бошлаб автомобилларга ёнилғи қуйиш учун ишлатиладиган суюлтирилган газ нархи бирданига икки баравар ошди – бир литри 60 тенгедан 120 тенгегача кўтарилди. Қозоғистон Республикаси ҳукумати 6 январда автомобиль гази, бензин ва дизел ёқилғиси учун олти ойлик маржинал нархларни белгилади. Бироқ, норозилик намойишлари тўхтамади, балки бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликларга айланиб кетди, кейинчалик расмийлар буни «теракт ва давлат тўнтаришига уриниш» деб атади.

Давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинганидан кейин газ нархи ошиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ Сенат депутати Эрик Султонов маълум қилганди. У бу ҳолатни Қозоғистонда ёқилғи сарфининг ўсиши билан изоҳлади. Вазир Болат Оқчулаков ҳам апрель ойида республика ички истеъмолнинг ошиши сабабли газ экспортини камайтиришга мажбур бўлишини, бу эса ёқилғи нархи ошиши мумкинлигини айтган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ