Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат халқини «ижтимоий адолат асосий қадрият бўладиган Янги Қозоғистонни ҳақиқатга» айлантириш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумда иштирок этишга чақирди. Бу ҳақда давлат раҳбари 3 июнь куни мамлакат телеканаллари орқали намойиш этилган халққа мурожаатида айтиб ўтди. Унинг матни Оқорда сайтида эълон қилинган.
«Сизнинг сайлов участкасида берган овозингиз жамият ҳаётининг янги ҳалол ва тушунарли қоидаларини белгилашда муҳим ва, эҳтимол, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Сайлов участкасига келиш билан халқимизнинг юқори даражадаги бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини намоён этасиз.
Мисли кўрилмаган геостратегик мавҳумлик ва мамлакатимиз олдида турган мураккаб вазифаларни ҳал этиш зарурати олдида биз бирдамлик ва ҳамжиҳатликда мустаҳкам бўлишимиз керак», — деди Президент.
Унинг таъкидлашича, бир ой давомида мамлакатда конституциявий ўзгартиришлар лойиҳаси фаол муҳокама қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилган. Таклиф этилаётган ўзгартиришлар Асосий қонуннинг 30 дан ортиқ моддаларига тааллуқлидир. Хабар берилганидек, ўзгартиришлар президент ваколатларини қисқартиради, парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг ролини сезиларли даражада кучайтиради, инсон ҳуқуқлари соҳасини мустаҳкамлайди, Конституциявий судни қайта ташкил этади, ўлим жазосини тақиқлайди. Бундан ташқари, янги таҳрирда давлат раҳбарининг барча сиёсий партиялар ва ҳаракатлардан тенг масофали мақоми мустаҳкамланиши ва унинг энг яқин қариндошларининг квазидавлат секторида раҳбарлик лавозимларини эгаллашини тақиқлаш кўзда тутилган. Шунингдек, улар республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг мутлақ роли ва имтиёзлари ҳақидаги қоидаларни Конституциядан олиб ташламоқчи.
«Конституциявий ислоҳот жамиятда кенг резонансга сабаб бўлди. Унинг барча қоидалари президентнинг имтиёз ва ваколатларини оширишга эмас, балки ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлашга, барча фуқароларнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган», — деди Токаев.
«Сизларни, азиз юртдошлар, Қозоғистоннинг ривожланиш векторини белгилаб берувчи тарихий танловга қўл уришга чақираман», — деди у.
Қозоғистонда 5 июнь куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Уни амалга ошириш учун деярли 16,5 миллиард тенге (тахминан 38 миллион доллар) сарфланади.