Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Максим Шацких «Пахтакор» клубининг спорт директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар беради.
Клуб ва мутахассис ўртасидаги келишув тафсилотлари ошкор этилмаган. «Пахтакор» Шацкихнинг жамоа ривожига катта ҳисса қўшишига умид қилмоқда.
Максим Шацких спорт директори сифатида ўзбек футболининг яна бир афсонаси – Жафар Ирисметов ўрнини эгаллади.
43 ёшли Шацких Россия Федерациясининг ҳарбий махсус операцияси ўтаётган Украинани тарк этишга муваффақ бўлди ва Варшава орқали Ўзбекистонга келди.
Максим Шацких Тошкентнинг «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 1996 йилда Россияга кўчиб ўтган ва у ерда «Торпедо Волга», Тольяттининг «Лада», Ижевскнинг «Газовик-Газпром» ва «Балтика Калининград» клубларида ўйнаган. 1999 йили у Киевнинг «Динамо» тизимига кирди ва у ерда ўн йил тўп сурди ва клуб тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бирига айланди. «Динамо»ни тарк этгач, турли вақтларда Киевнинг «Арсенал», Одессанинг «Черноморец», Ужгороднинг «Говерлу» ва Львовнинг «Рух» жамоаларида, шунингдек, Қозоғистоннинг «Астана» клубларида тўп сурган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Шацких 61 та ўйин ўтказиб, 34 та гол урган ва бу ҳамон рекорд ҳисобланади. У Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини якунлагандан сўнг Украина фуқаролигини олган. Мураббий сифатида у Киевнинг «Динамо» клубида ёрдамчи бўлиб ишлаган. 2019 йилдан 2021 йилгача у Ротор Волгоградда беларуслик мутахассис Александр Хатскевичга ёрдам берган.