Январь воқеалари терговида қийноққа солинган тўрт киши Олмаотада қўлга олинди

Норозилик акцияси иштирокчилари. Данияр Молдабеков Telegram-канали фотосурати

1 июнь куни Олмаотада ўтказилган намойиш иштирокчилари орасидан январь воқеалари терговларида қийноққа солинган тўрт нафар одам қўлга олиниб, коррупцияга қарши кураш департаменти биносига олиб кетилган. Бу ҳақда Vlast.kz нашрига тергов қурбонларидан бирининг онаси Гулнар Қўжаева (у ҳам шаҳар прокуратураси биноси ёнида бўлиб ўтган бугунги намойишда иштирок этган) маълум қилган.

«Йигитларимизни Жибек йўлидаги Коррупцияга қарши кураш департаментига олиб кетишди. Етакчиларимиз бу чириган тузум ҳибсхоналарида шафқатсизларча қийноққа солинганди. Косай Маҳанбаев, Оқилжон (Қисимбаев), Дархан (Дуйсебаев) ва Нуртас (Каранеев) соат саккизларда прокуратурага етиб келишди. Шундан сўнг 40-50 киши келиб, уларнинг қўлларини қайириб олиб кетишди. Департаментда уларни турли хоналарда ушлаб, ташқарига чиқаришмайди», — дейди Кожаева.

Бугун эрталаб шаҳар прокуратура биноси олдида январь воқеалари қурбонлари, шунингдек, қийноққа солинган одамларнинг яқинлари адолатли тергов ўтказилишини талаб қилгани хабар қилинганди. Улар январь ойидан бери бошқарма биноси ёнида шундай тадбирларни мунтазам ташкил этишяпти.

Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди. Митинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилишган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш содир бўлганини эълон қилиб, КХШТдан ёрдам сўради. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди.

Тартибсизликлар кетидан оммавий ҳибсга олишлар бошланган, маҳбуслар хавфсизлик кучлари томонидан қийноқларга солинганидан шикоят қилишган.

Февралда Бош прокуратура қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича 203 та жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Омма орасида шов-шув бўлган тергов ишлари прокурорлар томонидан текширилади. Судгача бўлган тергов ҳаракатлари давомида ҳибсга олинганларга нисбатан ноқонуний тергов усулларини қўллаганликда гумон қилиниб 9 нафар орган ходими қўлга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ