Россия ва Қозоғистон йўловчи поездлари ҳаракатини тиклади. Бу хабар 18 апрель куни «Россия темир йўллари» ОАЖ ва «Қозоғистон темир йўли» МК томонидан тарқатилди.
2020 йил 16 март кунидан вақтинча тўхтатилган халқаро йўловчи поездлари қатнов жадвали қайта тикланади.
Шундай қилиб, жорий йилнинг 20 апрелидан № 625/626 Атирау – Астрахан поезди йўловчиларни ташишни бошлайди. Поезд кунора қатнайди: Атираудан поезд 20 апрелдан жуфт саналарда, Астрахандан Атирауга эса 21 апрелдан тоқ саналарда жўнайди.
Июнь ойида яна бешта поезд қатнови тикланади — Н7/8 Олма-Ота — Саратов; Н84/83 Қарағанда — Самара; Н301/302 Олма-Ота — Новосибирск; Н145/146 Қарағанда — Омск; Н113/114 Олма-Ота — Қозон.
Мазкур поездлар учун чипталар сотуви яқин кунларда йўлга қўйилади. Чипталарни жўнашдан 45 кун олдин сотиб олиш мумкин.
Қозоғистондан Россия ҳудудига кириш учун барча чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар (Арманистон, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон) фуқароларидан ташқари, COVID-19 учун ПЦР тестининг салбий натижаси бўлиши керак, бу Россия Федерацияси ҳудудига келишидан камида икки календар куни олдин амалга оширилади (қоғоздаги асл нусха ёки «Мен COVID-19 сиз саёҳат қиламан» мобил иловасининг рақамли версияси тақдим этилади).
Россия Федерацияси ҳудудидан Қозоғистонга келаётган барча йўловчилар республика давлат чегарасини кесиб ўтиш вақтида 72 соатдан кечиктирмай қозоқ, рус ёки инглиз тилларида COVID-19 тестининг салбий натижаси бўлган ПЦР сертификатини ёки тўлиқ эмлаш курси сертификатини тақдим этишлари шарт.
Тақдим этилажак ҳужжатлар кондукторлар томонидан назорат қилинади.