Қозоғистонда хорижга олиб чиқиб кетилган капитални қайтариш бўйича комиссия тузилди

Қозоғистон ҳукумати мажлиси. Primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан олиб чиқиб кетилган капитални қайтариш бўйича комиссия тузди. Комиссия доирасида хориждан маблағлар қайтарилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари ва механизмларини ишлаб чиқадиган бешта ишчи гуруҳи тузилди. Бу чора-тадбирлар Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов билан бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради Вазирлар Маҳкамаси раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, бунда олинган валюта тушумининг 80 фоизини конвертация қилиш шарти билан қайтариш учун талаб қилинган ҚҚС суммаларини соддалаштирилган тарзда қайтариш амалиёти рағбатлантирилиши мумкин.

Мамлакатдан пул маблағларининг чиқиб кетишига қарши курашишга қаратилган чекловчи чора-тадбирлар сифатида норезидентларга дивидендлар тўлашда солиқ имтиёзларини бекор қилиш, тегишли норезидентлар томонидан кўрсатилган номоддий хизматлар учун чегирмаларга чекловлар жорий этиш таклиф этилди.

Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитасига валюта назорати бўйича айрим функциялар ваколатини бериш таклифи кўриб чиқилди. «Трансфер нархлари тўғрисида»ги қонунни такомиллаштиришга қаратилган нормалар ишлаб чиқилди. Комиссия томонидан ишлаб чиқилган таклифлар давлат раҳбарига юборилади.

8 февраль куни бўлиб ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида президент Қосим-Жомарт Тўқаев икки ой муддатда ноқонуний олиб чиқиб кетилган маблағ ва активларни мамлакатга қайтариш бўйича таклифлар киритишни топширди. Бундан олдин «Ақ Жол» фракцияси депутати Мақсат Раманқулов 2 февраль куни парламент мажлисида Tax justice network ташкилоти маълумотларидан иқтибос келтирди, унга кўра Қозоғистондан хорижий офшорларга тахминан 140-160 миллиард доллар олиб чиқиб кетилган. Депутат бу миқдор Қозоғистоннинг йиллик ялпи ички маҳсулоти ва унинг ташқи қарзига тенг эканлигини таъкидлади.

Раманқуловнинг сўзларига кўра, жамиятда январдаги намойишлар чоғида «ошкора ва яширин олигархлар Қозоғистондан нафақат шахсий самолётларда чиқиб кетишган, балки зудлик билан чет элдаги ҳисоб рақамларига катта миқдорда пул ўтказишган» деган фикр бор.

Президент Тўкаев 21 январь куни ишбилармонлар билан учрашувда Қозоғистон бойлигининг тенг ярмига 162 киши эгалик қилишини, аҳолининг ярми эса йилига 1300 доллардан сал кўпроқ маош олишини айтди. Бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут «қабул қилиб бўлмас даражага» етгани ва бу номутаносиблик январь ойи бошидаги мудхиш воқеаларга олиб келди, деди президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ