Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган Дипломатик форумга келди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ўзининг Twitterдаги саҳифасида маълум қилди, Элбошининг самолёт йўлагида тушган суратларини чоп этган ҳолда.
Унинг қайд этишича, Назарбоев ушбу тадбирга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан таклиф этилган. Элбошининг шахсий учрашувлари тўғрисида Укибай маълумот бермаган.
Назарбоев охирги марта январь ойида ҳукмрон Nur Otan партияси қурултойида кўриниш берганди, деб ёзади Vlast.kz. Ўша қурултойда Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тўқаев партия етакчиси этиб сайланган, бир ой ўтиб эса Nur Otan «Аманат» номига ўзгартирилган эди.
По приглашению Президента Турецкой Республики Реджепа Эрдогана Елбасы прибыл в Анталию для участия в Дипломатическом форуме #ADF2022 pic.twitter.com/dG8UXbraxM
— Aidos Ukibay (@Aidos_Ukibay) March 9, 2022
Қозоғистонда январь ойида рўй берган воқеалар чоғида мамлакатнинг биринчи президенти ва унинг оила аъзолари кўздан ғойиб бўлганди. ОАВ собиқ президент қизлари билан биргаликда республикани тарк этгани ҳақида ёзганди. Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги воқеаларга фақат 18 январь куни оммавий тарзда муносабат билдирди ва видеомурожаатида Қозоғистонни тарк этмаганини маълум қилди. Назарбоев ҳозир қаерда яшаётгани ва Анталияга қаердан учиб келгани номаълум.
Анталиядаги Дипломатик форум долзарб глобал ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун баҳс майдони ҳисобланади. Кетма-кет учинчи марта ўтказилаётган ушбу форум «Дипломатияни қайта форматлаш» шиори остида ўтказилади. Форумда сиёсий етакчилар ва бизнес вакилларидан иборат 2500 дан ортиқ киши иштирок этиши кутилмоқда.
Бугун, 10 март куни форум доирасида Украина Ташқи ишлар вазирлари Дмитрий Кулеба ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавровнинг мамлакатлар ўртасидаги можарони тезроқ ҳал этиш масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.