Қозоғистонда январь ойида воқеалари бўйича қўлга олинган олти нафар шахс ҳибсхоналарда вафот этган

www.kazpravda.kz сайти фотосурати

Январдаги тартибсизликлардан сўнг Қозоғистондаги вақтинчалик ҳибсхоналарда олти киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда 23 февраль куни Бош прокуратуранинг махсус прокурор хизмати раҳбари Ризабек Ожаров «Казахстанская правда» газетасига берган интервюсида маълум қилди.

«Куни-кеча биз рухсат этилмаган сўроқ усулларини қўллаш фактлари бўйича жиноий ишларни қабул қилдик. Илгари улар коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан текширилган. Бундай ҳолатларнинг ҳаммаси ҳам бизга топширилмаган, фақат оғир оқибатлар, аниқроғи, қамоққа олинганларнинг ўлими қайд этилган ҳоллардагина топширилган. Биздаги маълумотларга кўра, икки киши Олмаотадаги, 3 нафари Шарқий Қозоғистон вилоятидаги ва бир нафари Талдиқўрғондаги вақтинчалик ҳибсхона шароитларида ҳалок бўлган», — дейди Ожаров.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, назорат органи Толдиқўрғонда яшовчи инсонга нисбатан дазмол қўллаш қийноғи билан боғлиқ шов-шувли ишни кўрган. Гап Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкалини бузишда иштирок этган Азамат Ботирбоев ҳақида кетмоқда. Махсус прокурорнинг аниқлик киритишича, у ҳамон тергов изоляторида сақланмоқда.

«Ушбу фактлар бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда, унинг натижаси ҳақида албатта маълум қиламиз. Аммо шуни айта оламанки, бундай жиноятлар оммавий характерга эга эмас», — деб ишонтирди махсус прокуратура раҳбари.

Тўполончиларнинг умумий сони бўйича ноаниқликлар тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, Ожаров бу фактлар «тергов давомида аниқланишини» айтди.

«Ҳибсга олинганларга келсак, биринчи кунларда ҳақиқатан ҳам бир неча минг киши қўлга олингани айтилди. Бу ерда ҳибсга олинган ва келтирилган мақомидагилар ўртасидаги фарқ ўз ролини ўйнаган.

Полиция ходимлари фуқаролар шахсини аниқлаш ва бошқа суд жараёнларини ўтказиш учун одамларни ички ишлар органларига олиб келишади, қонун бўйича бу ишларга уч соат вақт берилади. Кейинчалик, айб қўйилмайдиган шахслар озод қилинади. 48 соатгача бўлган муддатга (ўсмирлар учун — бир суткагача, ўта оғир жиноятлар содир этишда гумон қилинган шахслар учун — 72 соатгача) ҳибсхонада вақтинча ушлаб туриш чораси қўлланилган шахслар ҳибсга олинган ҳисобланади . Бу вақт ичида тергов ходимлари фуқаронинг ишга алоқаси бўлмаган тақдирда, уни озод этишлари керак.

Воқеалардан сўнг дастлабки кунларда янграган рақамлар полицияга олиб келинган, баъзилари озод қилинган одамларга тегишли бўлиши керак. Улар орасида маъмурий қамоққа олинганлар ҳам бор экан, яъни улар комендантлик соатини бузиш каби кичик ҳуқуқбузарликларга йўл қўйишган. Шундай қилиб, бироз чалкашлик юз берган», — дейди нашр суҳбатдоши.

Январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини айтиб, ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб мамлакатда вазият барқарорлашди. Расмий маълумотларга кўра, мазкур воқеалар натижасида 220 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ