Тўқаев Украинадаги вазият туфайли зудлик билан инқирозга қарши режа қабул қилишни топширди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Украинадаги вазият туфайли зудлик билан инқирозга қарши режани қабул қилишни топширди. Бу ҳақда у Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Оқорда матбуот хизмати.

Бу режа, президентнинг сўзларига кўра, «ҳарбий-сиёсий ва санкциявий қарама-қаршилик натижасида халқаро вазиятнинг муқаррар ёмонлашувининг салбий оқибатларига тезкор жавоб бериш учун» зарур.

Йиғилишда Бош вазир Алихон Смоилов, Миллий банк раҳбари Ғалимжон Пирматов, Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Мудофаа вазири Руслан Яхшилиқов ва бошқа идора раҳбарлари иштирок этди.

«Давлат раҳбари мамлакатимиз учун юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ва бошқа хавфларни минималлаштириш бўйича аниқ топшириқлар берди», — дейилади хабарда.

21 февраль оқшомида Россия президенти Владимир Путин Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олганини эълон қилди (Украина бу ҳудудларни Донецк ва Луганск вилоятларининг вақтинча босиб олинган ҳудудлари деб атайди). Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ушбу қарорни изоҳлар экан, Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш масаласи кун тартибида турмаганини айтган эди. «Биз халқаро ҳуқуқ асослари ва БМТ Низомининг асосий тамойилларига таянган ҳолда иш кўрамиз», — деди у.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ