Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг хорижда ҳисоб рақамлари, офшор компаниялари, кўчмас мулки йўқ, деб ёзади унинг матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Шу тариқа у Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) турли мамлакатларнинг қатор оммавий ахборот воситалари билан биргаликда тайёрлаган «Credit Suisse сирлари» тергов материалларига муносабат билдирди. Материалларда, жумладан шундай дейилган:
Президент Тўқаевнинг рафиқаси ва ўғлининг Швейцария банкида ҳисоб рақамлари камида 1998 йилдан бери, аксарият қозоқлар қашшоқликда яшаган, Тўқаевнинг ўзи эса Ташқи ишлар вазири бўлган пайтидан мавжуд. У пайтлар банк ҳисоб рақамида 1 миллион доллар бўлган.
Тўқаевлар Британиянинг Виржиния оролларидаги офшор фирмалар орқали 5 миллион долларлик активларга эга инглизлар компаниясини ҳам назорат қилган.
Бундан ташқари, улар Женева ва Москвада камида 7,7 миллион долларга квартира сотиб олишган.
Ушбу материални шарҳлар экан, президент матбуот котиби Тўқаевнинг собиқ рафиқаси ҳеч қачон терговда кўрсатилган ҳисобларга эгалик қилмаганини таъкидлайди.
«Тимур Тўқаевга (Қозоғистон раҳбарининг ўғли – таҳр. эслатма) келсак, у 38 ёшда, тадбиркорлик билан шуғулланади, ҳеч қачон давлат тизимида ишламаган», — дейди Уали.
Унинг таъкидлашича, «давлат раҳбарига қилинган бу сохта ахборот хуружи уни обрўсизлантиришга қаратилган, чунки президент иқтисодиёт ва сиёсатдаги монополияни чеклаш йўлида ғайрат билан ишламоқда ва кимларгадир ёқмаслиги мумкин бўлган ислоҳотларни амалга оширмоқда».
«Credit Suisse сирлари» суриштируви четга сизиб чиққан маълумотлар туфайли оммага ошкор бўлди. Бу маълумотни аноним манба немисларнинг Süddeutsche Zeitung газетасига тақдим этган ва у ўз навбатида турли мамлакатлардаги 50 га яқин ҳамкор ОАВ билан бўлишган. Материалларда 2010 йиллар ўрталаригача очилган 18 мингдан ортиқ ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Ушбу ҳисоб рақамларига 100 миллиард доллардан ортиқ маблағлар қўйилган.