Қозоғистондан хорижга тўғридан-тўғри инвестициялар оқими 2021 йилнинг 9 ойида 1,5 миллиард долларни ташкил этган ва бу миқдор 2020 йилдаги кўрсаткичдан (1,4 миллиард доллар) ошиб кетган. 2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари билан солиштирганда Қозоғистондан хорижга капитал оқими 35,8 фоизга ошган, деб хабар беради республика иқтисодиёти мониторинги маълумотларига ихтисослашган Ranking.kz нашри. Қозоғистонлик инвесторларнинг хориждаги жами инвестицияларининг қарийб 1 миллиард доллари молия ва суғурта фаолиятига йўналтирилган инвестицияларга тўғри келади.
Олиб кетилган капиталнинг ярмидан кўпи (814,1 миллион доллар) қозоғистонлик инвесторлар томонидан офшор компанияларга йўналтирилган. Шундай қилиб, ўтган йилнинг 9 ойи давомида энг кўп инвестициялар Кайман оролларига тўғри келди – 637,5 миллион доллар, бу 2020 йилнинг мос давридаги маблағлардан деярли уч баравар кўп. 176,6 миллион доллар бошқа офшор зонага – Сейшел оролларига олиб кетилди.
Шу билан бирга, Қозоғистон инвестицияларининг бутун ҳажми 2021 йил учинчи чорагида Сейшел оролларига жўнатилган бўлса, илгари бу йўналиш умуман машҳур бўлмаганди, дея таъкидлайди нашр. Кайман оролларининг улуши, аксинча аста-секин ўсиб борди. Демак, 2020 йил бошида бу кўрсаткич 23,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида мазкур йўналишнинг улуши 42,2 фоизга етган.
Қозоғистон сармоядорлари Россияга 253,1 миллион доллар, Ўзбекистонга 119,8 миллион доллар йўналтирган.Марказий Осиё мамлакатлари орасида қозоқ ишбилармонлари Қирғизистонга ҳам сармоя киритиб, 37,4 миллион доллар ўтказган.
8 февраль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ноқонуний хорижга олиб чиқиб кетилган капитални мамлакатга қайтариш ниятида эканини маълум қилди.
«Ҳукуматга икки ой муддатда ноқонуний олиб чиқиб кетилган маблағлар ва активларни мамлакатга қайтариш бўйича таклифлар киритиш топширилди», — деди давлат раҳбари гап қайси активлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган ҳолда.