Тожикистон ва Ўзбекистон ипакчилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этади

UZ24 сайти фотосурати

Тожикистон ва Ўзбекистон ипакчилик, пиллани қайта ишлаш ва ипак газламалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш ғоясини кўриб чиқмоқда. Тожикистон делегациясининг Ўзбекистондаги пиллачилик билан шуғулланадиган вилоятларига ташрифи чоғи шу ҳақда қарорга келинган, деб хабар беради UZ24 ахборот ресурси.

Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ҳамда хусусий саноат корхоналари ходимларидан иборат делегация айни пайтда Тошкент, Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги ипакчилик, ипак матолари ишлаб чиқариш корхона ва цехлари билан танишмоқда. Ташриф 11 февралга қадар давом этади.

Тожикистон делегацияси намунали тутзор участкасини ва хомашё ва тайёр матолар, дизайнерлик кийимлари кўргазмаларини бориб кўрди.

Шунингдек, делегация давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жараёни, солиққа тортиш тизими, сотиш бозори, ишлаб чиқариш жараёни, газламаларга нақш танлаш ва улардан фойдаланиш, дизайнерларни жалб этиш, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш каби масалаларни ҳам ўрганадилар.

Тожикистонда сўнгги 30 йил ичида ипак қурти пилласи етиштириш қарийб 12 баробар камайган. Статистик маълумотларга кўра, 1991 йили Тожикистонда 4528 тонна пилла етиштирилган. 2021 йили эса “Пиллаи тожик” ОАЖнинг маълумотларига кўра, ҳосил атиги 387 тоннани ташкил этган.

2021-2024 йиллари саноатни ривожлантиришнинг янги дастурига кўра, тут плантациялари майдонларини қайта жонлаштириш, тут дарахтлари ҳосилдорлигини сақлаш ва ошириш, янги плантациялар барпо этиш катта молиявий маблағларни талаб қилади.

Дастурда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига тутзорлар барпо этиш учун ер ажратиш ва ҳар йили бу борада ҳукуматга маълумотлар тақдим этиш мажбурияти юкланган.