Қозоғистон болалар фаровонлиги индексини белгилайди. Индекс Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихон Смаиловнинг жорий йил 1 февралдаги буйруғига асосан
«турли соҳаларда болаларнинг аҳволини яхшилаш бўйича миллий сиёсат самарадорлигини кузатиш» учун ишлаб чиқилган.
«Қозоғистонда болалар фаровонлиги индексининг жорий этилиши болалар ва ота-оналарнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар бўйича болаларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган турли йўналишларда чора-тадбирларни самарали амалга ошириш учун чекловларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради», — дейилади ҳужжатда.
Индекс тўртта асосий йўналишдан иборат: «Бола», «Оила ва жамият», «Давлат сиёсати», «Мамлакат фаровонлиги». Ҳар бир йўналиш бўйича натижалар 14 та кўрсаткич (жами 56 таси) бўйича ҳисобланади. Бунинг учун марказий ва маҳаллий давлат органларининг очиқ манбалари, халқаро ва миллий тадқиқот тузилмалари маълумотлари, шунингдек болалар ва ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларидан фойдаланилади.
Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигига 1 июнга қадар индекснинг йиллик мониторингини таъминлаш ва унинг натижаларини мамлакатдаги болалар аҳволи тўғрисидаги давлат ҳисоботига киритиш топширилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2021 йил 22 октябрда Миллий жамоатчилик ишонч кенгаши йиғилишида болалар фаровонлиги индексини жорий этиш бўйича топшириқ берди. Бу ташаббус жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпгина жамоат ташкилотлари ва ота-оналар индексни ҳисоблаш учун мўлжалланган болаларни сўроқ қилиш уларнинг ҳуқуқларини бузиш ва оиланинг шахсий ишларига аралашиш деб ҳисоблашди. Индекснинг мухолифлари, айниқса болаларга оиланинг молиявий аҳволи, ҳаётдан қониқиши безорилик ёки кундалик мева истеъмол қилиш эҳтимоли ҳақида саволлар беришни одобдан эмас деб ҳисоблашади. Ўтган йил декабрь ойида Қозоғистон ота-оналар иттифоқи Таълим ва фан вазирлиги раҳбарига болалар фаровонлиги индексини тасдиқлашга қарши хат билан мурожаат қилган эди.