Бугунга қадар Миллий банкни бошқариб келган Ерболат Дўсаев Олмаота шаҳрининг янги ҳокими (мэри) этиб тайинланди, деб хабар беради Акорда матбуот хизмати. У бу лавозимда Бахитжан Сагинтаевнинг ўрнини эгаллади, зеро собиқ ҳокимга январь ойидаги фожиали воқеалардан сўнг олмаоталикларда кўп саволлар туғилганди – жумладан, собиқ мэр 5-7 январь кунлари шаҳарни қамраб олган тартибсизликлар пайтида нима қилганини тушунтириши керак эди.
13 январь куни otinish.kz сайтида Сагинтаевнинг истеъфосига доир петиция пайдо бўлди, унга ҳозирга қадар 26,595 минг киши имзо чеккан. «Ўйлаймизки, жаноб Сагинтаев энг қийин дамларда раҳбар сифатида нолойиқ эканини кўрсатди. Пандемия даврида ҳам, терактлар пайтида ҳам», — дейилади Президент Қосим-Жомарт Тўқаев номига йўлланган мурожаатда. Шу билан бирга, петиция муаллифларининг таъкидлашича, Олмаотанинг собиқ ҳокими шаҳар «ғазабланган террорчилар тўдаси ҳужумига учраган» тўрт кун давомида «халқдан яшириниб олган».
Олмаотанинг янги мэри Ерболат Дўсаев 51 ёшда, асли олмаоталик. Олмаота энергетика институтида, шунингдек, Бауман номидаги Москва давлат техника университетида таҳсил олган. Дўсаев ўз фаолияти давомида учта ташкилотга раҳбарлик қилишга муваффақ бўлган, деб эслайди Sputnik.kz — Молия вазирлиги (2003 йилдан 2004 йилгача), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (2004 йилдан 2006 йилгача) ва Иқтисодиёт вазирлиги (2012 йилдан 2016 йилгача).
2006 йили Дўсаев Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган пайтда шифокорлар қон қуйиш учун бир марталик асбоблардан қайта-қайта фойдалангани сабаб Чимкентда болаларнинг ОИВ инфекцияси билан касалланиши оммавий тус олган. Текширувлар фонида Дўсаев истеъфога чиқади. Унинг номи билан боғлиқ яна бир жанжал 2016 йили, у Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаганида юз берган. Ўшанда Дўсаев ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган Ер кодексига ўзгартиришлар киритилиши лозим бўлган. Бироқ, бу жараён бутун мамлакат бўйлаб «ер митинглари» деб аталмиш тўлқинни юзага келтирди ва Дўсаев вазирлик курсисидан маҳрум бўлди.
Эътиборлиси шундаки, интернетда Ерболат Дўсаевнинг Олмаота шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланишига қарши петиция аллақачон пайдо бўлди. Петиция эълон қилинган вақтда уни 6,6 минг киши имзолаган. Мурожаат муаллифи шаҳар аҳолисига ҳокимни ўзлари сайлаш имкониятини беришга чақиради.