Тўқаев Қозоғистондаги январь воқеалари бўйича халқаро суриштирув ишлари олиб борилишини рад этди

"Хабар 24"видеоси скриншоти

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республикада январь воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш таклифини рад этди. Бу ҳақда у ўтган дам олиш кунлари «Хабар 24» давлат телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган тартибсизликларга айланган оммавий норозилик намойишларидан деярли бир ой ўтиб давлат раҳбари «Бундай тергов ўтказишни зарур деб билмайман, буни ўзимиз ҳал қила оламиз», — деди.

Европарламент ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилди. 20 январь куни Европарламент «тинч намойишлар ортидан содир бўлган оммавий зўравонлик ҳаракатлари» ва барча намойишчиларни, жумладан тинч намойишчиларни «террорчи» деб эълон қилган «президент Тўқаевнинг ғалаён билан боғлиқ риторикасини» қораловчи резолюцияни қабул қилди.

«Биз Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятни Қозоғистондаги икки ҳафталик намойишлар чоғида қозоқ халқига нисбатан содир этилган жиноятлар, жумладан, ғойиб бўлишлар, қийноқлар ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, шунингдек, снайперларнинг ҳаракатлари юзасидан зудлик билан халқаро тергов бошлашга чақирамиз. Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида тинч намойишчилар, жумладан, вояга етмаганлар ўлдирилган ёки яраланган», — дейилади ҳужжат бандларидан бирида.

Интервьюда Тўқаев резолюция «тавсиявий» характерга эга бўлиб, «мажбурий эмас»лигини айтади, уни «нохолис ва муддатидан олдин» деб атайди. Президент резолюцияни ташкил этишда «бир пайтлар Қозоғистондан чиқиб кетган одамларнинг буйруғи билан» ишлаган «лоббичиларни» айблади ва «давлат манфаатлари ва фуқаролар хавфсизлиги учун» намойишчиларга қарата ўқ узиш тўғрисидаги буйруғини оқлади.

Журналистнинг айрим қозоғистонликлар Олмаотага ҳужум қилган 20 минг жангари ҳақидаги баёнотга шубҳа билан қарашлари ҳақидаги сўзларига жавобан Тўқаев улар шаҳарга уч томондан ҳужум уюштиришганини таъкидлади. «...Полиция назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилган жойда уларни шунчаки эзишди. Шунинг учун улар қуролланмаган ҳолда қайта майдонда тўпланишлари зарур эди. Бандитлар кам бўлганди дейиш, бунинг устидан кулиш, менимча, бу аҳмоқлик. Улар бошқарилган, тўлқинсимон ҳаракат қилдилар», — деди Президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ