OCCRP текшируви: Назарбоев хайрия фондлари орқали 8 миллиард долларлик активларни назорат қилади

2022 йил 5 январь куни намойишчилар Талдиқўрғондаги Назарбоев ҳайкалини бузиб ташладилар. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Kloop (Қирғизистон) ва Vласть (Қозоғистон) нашрлари билан биргаликда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев хайрия жамғармалари тармоғи орқали камида 8 миллиард долларлик активларга эга эканлигини аниқлади. OCCRP ва иккита ОАВ томонидан олиб борилган текширувлар Vlast.kz сайтида эълон қилинган.

Муаллифларнинг ёзишича, Назарбоев президент бўлганида тўртта хусусий хайрия жамғармаси тузган, уларни шахсан Элбоши бошқаради. Ушбу фондларнинг номлари ўхшаш, уларнинг молиявий ҳисоботлари шаффоф эмас.

«Жамғармалар йиллик ҳисоботларни эълон қилмайди, айрим активлар хориждаги шаффоф бўлмаган тижорат тузилмалари орқасида яширинган. Бу маблағлар қаерда жойлашгани ва сиёсий ва ижтимоий алғов-далғов шароитида уларнинг тақдири нима бўлиши ноаниқ», — дея таъкидлайди тергов муаллифлари.

Жамғармалар хайрия фаолиятини молиялаштириш ва таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ниқоби остида Назарбоевга тегишли йирик активларни сохта ширкатлар орқали назорат қилади.

«Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Назарбоевга қарашли хайрия жамғармаларининг кўплаб хайрли ишларини баландпарвоз сўзлар билан ёритиб келади. Бироқ, фондлар бошқа функцияни ҳам бажаради: улар миллиардлаб долларлик активларни бошқаради. Булар- умумий қиймати камида 8 миллиард доллар бўлган ҳашаматли меҳмонхоналар, банклар, заводлар, омборхоналар ва бошқа активлардир. Расмий жиҳатдан Назарбоев бу бойликларга эгалик қилмайди, лекин у фондлар асосчиси бўлгани учун уларни назорат қилади», — дейилади нашр хабарида.

Жамғармалар томонидан назорат қилинадиган активлар орасида қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган хусусий самолёт, банклар, телеканаллар, ҳашаматли меҳмонхоналар, кўплаб савдо марказлари, голф майдони, омборлар ва ҳатто макарон фабрикаси бор.

«Активларнинг бир қисми биринчи президентнинг ҳукмронлиги даврида гуллаб яшнаган олигархлардан Назарбоев фондлари назоратига ўтган (баъзилари ҳамон биргаликдаги эгадорлар тасарруфида). Кейинчалик маблағлар ҳисобидан сотиб олинган хусусий компанияларнинг бир қисми Қозоғистон ҳукумати томонидан молиялаштирилган. Ҳозир Назарбоев маблағлари кўплаб халқаро конгломератларга қараганда кўпроқ корхоналарни назорат қилади», — дея таъкидлайди текширув муаллифлари.

Шундай қилиб, «Назарбоев жамғармаси» 2009 йили ташкил этилган, бироқ Элбоши президентликдан кетгунига қадар, яъни «2019 йилгача кўзга кўринарли сармоя киритмаган». Бу фонднинг веб-сайти йўқ, у ҳисоботларни эълон қилмайди ва ҳомийлардан қанча пул олгани тўғрисида ҳисобот бермайди. Журналистлар Назарбоев жамғармаси бошқаруви раиси Аслан Саринжипов билан боғланган ва у эса расмий ҳужжат тақдим этган, шундан маълум бўлишича, биргина 2019 йили жамғарма ҳомийлардан 1 миллиард доллар олган ва инвестициялар ҳисобидан 200 миллион доллар даромад қилган. Шу билан бирга, Саринжипов таъкидлашича, жамғарма ташкил этилганидан буён ўтган 10 йил давомида илмий-тадқиқот ишлари, лаборатория жиҳозлари, талабаларга ёрдам ва бошқа таълим мақсадларида 46,5 миллион доллар ажратган.

Назарбоев жамғармаси Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Jusan Technologies компаниясининг назорат пакетига эгадор ҳисобланади. Бу компания, ўз навбатида Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядаги бир қанча йирик банкларга, Қозоғистондаги Jusan Mobile ва Kcell уяли алоқа операторларига, интернет-дўконларга, брокерлик ва логистика компанияларига, озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналарига, Нур-Султон ва Қўстанайдаги савдо марказларига эгалик қилади. Умуман олганда, компания камида 7,8 миллиард долларлик активларга эга.

Афтидан, Қозоғистонда чет эл аралашувига сабаб бўлган оммавий норозилик ва тартибсизликлар бошланганида Назарбоев панада қолишга қарор қилган. Президент Токаев эса ҳокимиятни мустаҳкамлаш билан банд.

Кўплаб ҳибсга олишлар пайтида Токаев Назарбоевнинг бошқарув усулларини танқид қилди, бундай ҳолатни бундан бир неча ой олдин мутлоқ тасаввур қилиб бўлмасди. Президент Қозоғистон иқтисодиётини эгаллаб олган, мамлакатда жиддий тенгсизлик муаммоларини келтириб чиқарган олигархлар гуруҳини қоралади. Бироқ, Назарбоев жамғармалари назоратидаги кўп миллиард долларлик активлар тақдири нима бўлади, деган савол жавобсиз қолмоқда, — дея хулоса қилади нашр муаллифлари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ