Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоев «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси (МТП) президиуми раисилигидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда унинг ўзи палата президиуми аъзоларига мурожаатида маълум қилди.
«Менга билдирилган ишонч учун қурултой делегатлари ва президиум аъзоларига миннатдорчилик билдираман. Миллий тадбиркорлар палатаси олий назорат органига саккиз йил раҳбарлик қилиш мен учун катта шараф ва масъулият эди. «Атамекен»нинг оддий мутахассисларидан тортиб, ҳудудий бўлимлар раҳбарларигача бўлган катта жамоасига биргаликдаги мазмунли меҳнат учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Фаолиятимизнинг асосий натижаси бизнес ва ҳукумат ўртасида йўлга қўйилган конструктив мулоқот, қулай ишбилармонлик муҳитини изчил шакллантириш бўлди», — деди Қулибаев.
У МТП фаолиятининг устувор йўналиши «доимо тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» бўлганини айтди ва «Атамекен» жамоасига «маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазифаларни бажаришда муваффақиятлар» тилади.
Назарбоевнинг ўртанчи қизи Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибоев 2013 йилдан буён Миллий палата Президиуми раиси лавозимида ишлаб келган. 2021 йил май ойида Қулибоевларнинг умумий бойлиги Forbes томонидан 5,8 миллиард долларга баҳоланган. Эр-хотин асосий бизнес активлари бўйича тенг улушларда эгалик қилишади. Улар, жумладан мамлакатнинг энг йирик банки «Халык-банке» (Қозоғистон Халқ банки) акцияларининг аксарият қисмига эга. Кулибаев автомобиль газини ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ активларга эгалик қилади, унинг нархининг ошиши январь ойи бошида Қозоғистоннинг ғарбий вилоятларида норозилик намойишларининг бошланишига сабаб бўлди. Шунингдек, у нефт ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи «Жаикмунай». компаниясини назорат қилувчи Британиянинг Nostrum Oil & Gas компаниясининг улушига эга. 2020 йили Кулибоев 300 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларидан иборат йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини хусусийлаштирди, у аввалли «Казмунагаз» давлат ташкилотига қарашли эди.
Бундан олдин, 15 январь куни Қозоғистон собиқ президентининг яна икки куёви — «КазТрансОил» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Димаш Дўсанов ва «КазТрансГаз» НК АЖ бошқаруви раиси бўлган Қайрат Шарипбаев лавозимларидан маҳрум бўлдилар.
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатда «газли» норозилик намойишлари бошланганидан бери омма олдига чиқмади ва уларнинг қаердалиги ҳақида ҳозиргача номаълум. 13 январь куни Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Facebook ва Instagram саҳифаларида январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ҳамда отаси Нурсултон Назарбоевни қўллаб-қувватлаётган одамлар учун миннатдорчилик билдирган постларини эълон қилди. Бироқ, бир неча соатдан сўнг у ушбу ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ёпди. Бу ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари унинг Бирлашган Араб Амирликларидан ёзаётганини аниқлаганларидан кейин содир бўлди. Назарбоевнинг укаси Болат ҳам БААда эканлиги тахмин қилинмоқда. У 6 январь куни Қозоғистонни тарк этган ва шу куни Бишкек орқали Дубайга учган.