Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев тинчликпарвар контингентга ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (ОДКБ) аъзо давлатлар раҳбарларига террорчилик агрессиясини қайтаришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда Akorda.kz хабар беради.
Тўқаев 13 январь куни Қозоғистондан тинчликпарвар кучларни уюшган ҳолда олиб чиқиш бошланишини эслатиб, контингент қўмондонлигига бажарилган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.
«КХШТ тинчликпарвар контингентининг Қозоғистонда, жумладан Олмаотада бўлиши мамлакатимиздаги вазиятни барқарорлаштиришда жуда муҳим роль ўйнади. Албатта, бу террорчилар ва бандитларнинг тажовузини қайтариш учун катта психологик аҳамиятга эга амалиёт эди. Миссия жуда муваффақиятли деб баҳоланади. Яна бир бор ҳамкасбларим – давлат раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Қозоғистон президенти Олмаотадаги тезкор штаб йиғилишида.
Учрашув иштирокчилари «унинг [Токаевнинг] Олмаотага қўшимча кучларни, жумладан, КХШТ тинчликпарвар контингентини юбориш ҳақидаги қарори туфайли шаҳар террорчилар чангалидан омон қолгани» ни таъкидладилар.
Олмаота шаҳри ҳокими Бахитжан Сагинтаевнинг маълум қилишича, шаҳардаги барча иссиқлик таъминоти, электр энергияси, сув таъминоти ва газ таъминоти объектлари меъёрида ишламоқда. Савдо, умумий овқатланиш, бозорлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва саноат корхоналарининг иши жонланмоқда, жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилди.
Тўқаевнинг январь ойи бошида республикаги тартибсизликлар туфайли мурожаатидан сўнг КХШТ давлатлари ўз ҳарбийларини Қозоғистонга жўнатди. Тўқаевнинг таъкидлашича, мамлакатга халқаро жиноий гуруҳлар ҳужум қилган, улар четда пухта тайёргарликдан ўтган. 5 январь куни у КХШТдаги ҳамкасбларидан террорчилик таҳдидини енгиб ўтишда ёрдам сўради ва эртаси кун Россия ҳарбийларидан иборат илк самолёт Қозоғистонга қўнди.
6-7 январь кунлари Россия, Беларус, Арманистон ва Тожикистондан жами 2030 нафар ҳарбий хизматчилар ва 250 та техника олиб келинди. Улар Олмаота халқаро аэропорти, иссиқлик электр станциялари, нон комбинатлари, телевидение, сув таъминоти корхоналари ва бошқа давлат ва ижтимоий аҳамиятга эга муҳим объектларни ҳимоя қилишни зиммаларига олдилар.
11 январь куни Тўқаев КХШТ тинчликпарвар миссияси якунлангани ва контингентни олиб кетиш яқин орада бошланишини эълон қилди.