Қозоғистоннинг саккизта вилоятида содир этилган талончилик ҳаракатлари натижасида 53 та маъмурий бино ва 151 та кичик ва ўрта бизнес объектига зарар етган. Ҳукумат 20 февралгача барча ҳукумат биноларини тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 12 январь куни Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Қайирбек Ускенбоев ҳукумат мажлисида маълум қилди, деб хабар беради Vlast.kz. Бироқ, бу рақамлар якуний эмас.
«Ҳокимиятлар томонидан шикастланган объектларнинг аниқ сони ҳар куни янгилананмоқда», — дея қўшимча қилди Ускенбаев.
Вазирнинг таъкидлашича, барча ҳудудларда етказилган зарарни текшириш ва баҳолаш комиссиялари тузилган. Бугунга келиб далолатномалар тузилган, биноларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда, сўнгра зудлик билан капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади.
Олмаота ҳокимлиги биноси катта зарар кўрган, унинг аксари қисми ёниб кетган. Уни қайта тиклаш мумкинми ёки йўқ, бу бинони техник ва сейсмик чидамлилик синовидан ўтказилгандан кейин маълум бўлади. Мутахассисларнинг ҳокимлик биносига киришига рухсат берилгач, ишлар бошланади, деди шаҳар ҳокимлиги масъуллари.
Қозоғистоннинг «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси ўз навбатида республикадаги тадбиркорлик субектларига етказилган зарарларни ҳисоблаб чиқади.
Палата келтирган маълумотларга кўра, республиканинг 9 та ҳудудида 1528 та вайрон этилган тадбиркорлик субъекти (1709 та объект) аниқланган, улардан 1408 таси (1578 та объект) Олмаота шаҳрига тўғри келади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган умумий зарар миқдори 95,3 миллиард тенгедан ($220 млн) ортиқ, унинг 93,8 миллиард тенгеси ($216 млн) Олмаота шаҳрига тўғри келади.
Бугун Қозоғистон бош вазири Алихан Смоилов раислигида ҳукумат янги таркибининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 11 январь куни тайинланган янги вазирлар қасамёд қилдилар.
«Янги ҳукумат аҳоли турмуш сифатини ошириш, иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш ва пандемияга қарши туришга доир президент томонидан қўйилган вазифаларни бажариш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилиши керак. Террорчилар ва талончилар томонидан етказилган зарарни тиклаш, мамлакатни кенг кўламли инқироздан олиб чиқиш учун», — деди Смоилов вазирлар маҳкамаси аъзолари билан суҳбатда.
Қозоғистонда январь ойи бошида бошланган норозилик акциялари тартибсизликлар ва талончилик ҳаракатларига айлангани муносабати билан Токаев 5 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди, ҳукумат истеъфога чиқарилди. Президент мамлакатда теракт содир бўлаётганини айтиб, КХШТ бўйича ҳамкорларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ташкилотнинг коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистонга тинчликпарвар контингентини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.