Нур-Султон тергов суди давлатга хиёнатда гумон қилинган Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Масимовни икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда 11 январь куни Orda.kz нашри ўз манбасига таяниб хабар берди.
8 январь куни Масимовга нисбатан давлатга хиёнат (Қозоғистон ЖК 175-моддаси) факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва унинг ҳибсга олингани маълум бўлди.
Карим Массимов 2016 йил сентябридан бошлаб МХҚ раиси лавозимида ишлаб келган ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин бўлган энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. У ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, маъмурият раҳбари, Қозоғистон Президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев 5 январь куни Масимовни МХҚ раҳбари лавозимидан озод қилди. Ушбу лавозимга президент хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Эрмек Сагинбаев тайинланди.