Токаев КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар миссияси якунланганини маълум қилди

Қосим-Жомарт Тўқаев. 24.kz сайти фотосурати

КХШТ тинчликпарвар контингентининг Қозоғистондаги асосий миссияси якунланди. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 11 январь куни парламент мажлисида айтиб ўтди. Унга кўра, контингентни олиб чиқиш икки кундан кейин бошланади ва у 10 кундан ошмайди.

«КХШТ контингентини киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтда биз Олмаота устидан назоратни бутунлай йўқотишимиз мумкин эди. Олмаота ва бошқа вилоят марказлари имкон қадар тезроқ тикланади ва янада гўзаллашади. Бу менинг жавобгарлигим ва ҳукуматнинг масъулиятидир», — дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтиради Қозоғистон ОАВлари.

Тўқаевнинг таъкидлашича, у «террор уруши» деб атаган сўнгги воқеалардан аввал жамият бирдамлигини «силтаб кўриш» услуби қўлланилган. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ваколатли орган сифатида воқеаларга «аниқ баҳо бера олмаган ва беришни ҳам хоҳламаган».

«Бир қатор шаҳарларда МХҚ бўлим раҳбарлари қурол-яроғ ва махфий ҳужжатлар борлигига қарамай, объектларни қаршиликсиз топширдилар», — деди давлат раҳбари ва махсус тузилган тергов-тезкор гуруҳига тартибсизликларни ўрганиб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, у ахлоқ тузатиш тизими муассасаларида диний экстремизмнинг жиноятчилар билан қўшилиб кетишига йўл қўймаслик зарурлиги тўғрисида гапириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига ҳужум қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қаршилик кўрсатиш учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилди.

Тўқаев ўз нутқида бутун миллий хавфсизлик тизимини тубдан қайта ташкил этишни эълон қилди.

«Биз Қуролли Кучлар, Ички ишлар вазирлиги, ташқи разведка фаолиятини қайта қуришимиз керак, улар фуқароларни, конституциявий тузумни максимал даражада ҳимоя қилиш йўлида ҳамжиҳатликда ишлаши керак», — деди Тўқаев.

Ҳуқуқ-тартибот тизимини ислоҳ қилишда «тўлиқ террорчилик ҳужумларига қарши туришга тайёр туриш», «зудлик билан жанговар маҳоратни машқ қилишни бошлаш» мақсадида тузатишлар киритилади. Президент Миллий гвардияни сон ва сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш, янги бўлинмаларни шакллантириш ва уларнинг сонини, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари сонини кўпайтириш, уларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, махсус бўлинмаларнинг маошларини ошириш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, махсус операция кучлари қўмондонлиги тузилади, разведка фаолияти қайта ташкил этилади.

Президент қўшинларни тезкорлик билан етказиб бериш учун Қуролли Кучлар транспорт самолётлари паркини кенгайтириш ва қисқа вақт ичида ҳарбий техника билан тўлдиришни ваъда берди.

Қозоғистонда январь ойи бошида бошланган норозилик акциялари тартибсизликлар ва талончиликларга айлангани муносабати билан Тўқаев 5 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди, ҳукумат истеъфога чиқарилди. Президент мамлакатда теракт содир бўлаётганини айтиб, КХШТ бўйича ҳамкорларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ташкилотнинг коллектив хавфсизлик кенгаши вазиятни барқарорлаштириш учун республикага тинчликпарвар контингентини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. 6-7 январь кунлари КХШТга аъзо бешта давлат ҳарбийлари республикага етиб келди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ