Қозоғистон Давлат котиби Ерлан Карин мамлакатдаги тартибсизликларни вазиятни издан чиқариш ва давлат тўнтаришига уриниш деб атади. Бу ҳақда 10 январь куни Tengrinews хабар беради.
«Ўйлайманки, биз Қозоғистонга қарши гибрид террор ҳужумига дуч келдик ва унинг асосий мақсади — вазиятни издан чиқариш ва давлат тўнтариши бўлган. Бу воқеаларнинг барчаси эски қаричлар билан, олдиндан қўрилган воқеаларга асосланиб ўлчанади. Кимдир буни рангли ва бахмал инқилоблар билан таққослайди, лекин Қозоғистонга нисбатан бу сценарийлар самарасиз эди. Шундай бўлса-да, мамлакатимиздаги ҳолат ўзгача: ҳокимият позицияси анча барқарор ва бошқа омиллар мавжуд. Улар рангли инқилобларнинг классик версияларини амалга оширишга имкон бермасди. Охир-оқибат, Қозоғистонда бутунлай бошқача модел синовдан ўтказилди. Радикал ва террорчи гуруҳлар ёрдамида вазиятни беқарорлаштиришнинг яна бир сценарийси қўлланилди», — деди Карин.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг барча шаҳарларида у террорчи деб атаган гуруҳларнинг ҳар бир ҳаракати пухта режалаштирилган. Карин мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишлар якунлангач, барча сабаб ва ҳолатларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилишига ишонтирди.
«Ана шунда, албатта, воқеаларнинг қандай ривожлангани, унинг қандай режалаштирилгани ҳақида тўлиқ маълумот ва ҳисобот бериш мумкин бўлади, лекин ходисалар нақадар тез ривожлангани, қанчалик эҳтиёткорлик билан ташкил этилганига қараб, буларнинг барчаси катта режанинг бир қисми бўлганига амин бўлиш мумкин. Зеро, турли ҳудудлардаги, ҳатто бир вилоятдаги турли хил гуруҳларнинг ҳаракатлари бир алгоритмга бўйсундирилган, шунингдек давлат муассасалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари биноларини эгаллаб олиш, йўлларни тўсиб қўйиш, қуролларни тортиб олиш бўйича ўхшаш вазифалар ҳам айни шуни кўрсатади. Шунчаки бирданига бундай режаларни ишлаб чиқиш ва бу борада бўйруқлар беришнинг ўзи бўлмайди», — деди давлат котиби.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи ошиши сабаб бошланган норозилик намойишлари 5 январдан 6 январга ўтар кечаси талончилик, ўт қўйиш ва номаълум уюшган гуруҳлар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри -Олмаота беқарорлик эпицентрига айланди. У ерда оломон каршиликларсиз шаҳар ҳокимлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) биноларини эгаллаб олди.
6 январь куни МХҚнинг собиқ раҳбари Карим Масимов ҳибсга олинди — у 2016 йилнинг сентябридан буён махсус хизматни бошқариб келган, шу йилнинг 5 январида президент Қосим-Жомарт Тўқаев уни лавозимидан четлатган эди. Бундан ташқари, МХҚ раҳбарининг ўринбосари, «А» махсус бўлинмаси директори Ануар Садиқулов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, (10 январь куни эрталаб) Қозоғистоннинг турли вилоятларида юз берган тартибсизликлар бўйича 7939 киши ҳибсга олинган.