Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий оммавий ахборот воситаларидаги «юзаки ва бирёқлама» ва вазиятни бузиб кўрсатувчи нашрларга изоҳ берди. Вазирликнинг қайд этишича, республика ҳуқуқ-тартибот идоралари тинч намойишчиларга қарши эмас, балки мамлакатда бошланган митинглардан фойдаланган террорчиларга қарши курашмоқда.
«Олмаота ва мамлакатнинг бошқа бир қатор вилоятларида содир бўлган воқеалар шуни кўрсатадики, Қозоғистон хорижда тайёргарликдан ўтган, яхши мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилганларнинг бир қисми радикал исломий гуруҳлар томонидан «қайноқ нуқталар»да иштирок этган жанговар тажрибага эга кимсалардир.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари баъзи хорижий ОАВлар бузиб таъкидлаганидек «тинч намойишчилар» эмас, балки террорчиларга қарши турмоқда.
Бундай вазиятда Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (ОДКБ) ёрдам сўрашга мажбур бўлди, бу ташкилот вазиятни барқарорлаштириш учун умумий сони 2500 нафарга яқин тинчликпарвар кучларини юборди. Тинчликпарвар кучларнинг мандати стратегик объектларни қўриқлаш ва Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларини ҳимояга олишни ўз ичига олади», — дейилади ТИВ хабарида.
Вазирлик террорчи гуруҳларга қарши асосий ҳарбий амалиётлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қозоғистон Қуролли кучлари томонидан олиб борилаётгани, КХШТ тинчликпарвар кучлари эса республикада вақтинча эканлиги ва вазият барқарорлашганидан кейин Қозоғистоннинг биринчи мурожаати биланоқ мамлакатни тарк этишини таъкидлади.
«Энг муҳими, тинч намойишчилар ҳеч қандай таъқибга дуч келмаяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мазкур вазият сабабларини кенг кўламли ўрганиш топширилди, унинг натижалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилади», — деди ТИВ ва ҳукумат демократия ва Конституцияни исломий радикаллар ва террорчилардан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганини қўшимча қилди.
Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни мамлакат жануби-ғарбидаги Мангистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида бошланди, аҳоли суюлтирилган газ нархининг кескин ошишига қарши намойишга чиқди. Намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалди. Намойишлар тез орада тартибсизликлар ва талончиликка айланиб кетди. Ҳукумат истеъфога чиқди, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. 5 январь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди, шундан сўнг тинчликпарвар контингент Қозоғистонга етиб келди. Токаев мамлакат террорчилар тўдаси томонидан ҳужумга учрагани ва аксилтеррор операцияси ўтказилишини эълон қилди ва шу кунга қадар ўнлаб хавфсизлик органи ходимлари ва тинч аҳоли қурбон бўлганини таъкидлади.
Бугун, 10 январь куни Қозоғистонда тартибсизлик ва ҳарбий амалиётлар чоғида ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам эълон қилинган.