Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев республикадаги тартибсизликлар пайтида хавфсизлик кучларининг ҳаракатларига муносабат билдираркан, давлат жангарилар тайёрганлигидан бехабар қолиб, уларнинг ҳужумларини қайтаришга тайёр бўлмаганини тан олди. Бу ҳақда президент мамлакат халқига мурожаатида маълум қилди.
«Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армия ҳаракатини, шунингдек уларнинг ўзаро фаолиятини «сарҳисоб» қилишимизга тўғри келади. Махсус кучлар, махсус восита ва техникалар етарли эмаслиги маълум бўлди. Биз бу масалаларни зудлик билан ҳал қиламиз.
Давлат нима учун жангариларнинг пинхона бўлинмалари томонидан зимдан террорчилик хуружларига тайёргарлик кўраётганидан бехабар қолганини тушуниш жуда муҳим. Биргина Олмаота шаҳрига 20 мингта бандит ҳужум қилди. Уларнинг ҳаракатлари ҳарбий, маъмурий, ижтимоий объектларга ҳужум қилиш бўйича аниқ режа борлигини кўрсатди.
Жангарилардан ташқари одамлар кайфиятини бошқаришга қодир, дезинформация ёки сохта маълумотлардан моҳирона фойдалана оладиган мафкуравий ҳужум бўйича мутахассислар ҳаракат қилдилар. Уларни тайёрлаш ва бошқаришда ягона қўмондонлик пункти иштирок этганга ўхшайди. Бу билан Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратура шуғуллана бошлади», — деди президент.
Қозоғистоннинг турли шаҳарларидаги одамлар тўполон пайти хавфсизлик кучлари кўчаларда деярли кўринмаганини, бўлган тақдирдаям улар тартибсизликка қарши ҳаракат қилишмаганини таъкидладилар. Олмаотада тартибсизликларнинг дастлабки кунлари жангарилар деярли қаршиликка учрамадилар, полициячиларга ҳужум қилиб, қуролларини тортиб олганлар. Хабарларга кўра, бир неча юз одам Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (Россия ФСБга айни ташкилот — таҳр.) бошқармаси биносини эгаллаб, талон-тарож қилган.
Тўқаев бу галги нутқида ҳукумат жиноятчилар билан музокара олиб бормаслигини ва террорчиларга қарши ўт очишни шахсан ўзи берганлигини таъкидлади. «Олдинда ижтимоий иқтисодий нуқтаи назардан ҳам бошдан кечган фожиалардан сабоқ чиқариш билан боғлиқ кўп ишлар турибди. Ҳукумат аниқ қарорлар қабул қилиши керак, бу ҳақда мен 11 январь куни Мажлисда айтиб ўтаман», — дея қўшимча қилди президент.