Бутун Қозоғистон бўйлаб террорчилик таҳдидининг юқори даражаси жорий этилди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида аксилтеррор операция режими ўрнатилди. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик қўмитасига таянган ҳолда Nur.kz хабар беради.
«Барча фуқароларни жорий этилган чеклов чораларига онгли муносабатда бўлишга, давлат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига қатъий риоя қилишга чақирамиз», — дейилади МҲҚ хабарида.
7 январь куни эрталаб Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев терроризмга қарши кураш штабининг йиғилишини ўтказди. Унинг сўзларига кўра, «маҳаллий ҳукумат вазиятни назорат қилмоқда, аммо террорчилар қурол ишлатиш, фуқароларнинг мулкига зарар етказишини давом эттирмоқда».
«Шунинг учун терроризмга қарши кураш жангарилар тўлиқ йўқ қилинмагунча давом эттирилиши керак»,— деди президент.
ИИВ Қозоғистондаги барча ҳокимликлар озод этилиб, ҳимояга олингани ҳақида хабар берди. Мамлакат бўйлаб кечаю-кундуз фаолият юритадиган 70 та назорат пункти ташкил этилган. «Олмаотада ҳуқуқ-тартибот идоралари, қуролли ва масъул кучлар жамоат тартибини, стратегик аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш, кўчаларни тозалаш билан шуғулланмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, «26 нафар қуролли жиноятчи йўқ қилинган, 18 нафари яраланган». Ҳибсга олинганлар сони 3000 дан ошган.
Қозоғистон Бош прокуратураси тартибсизликлар ва террорчилик актлари бўйича жиноий иш қўзғади, деб ёзади Orda.kz. Тартибсизликлар иштирокчилари саккиз йилдан бир умргача қамоқ жазоси, шунингдек фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин. Бош прокуратура аҳолидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ёзувларини видеокамералар ва мобиль телефонларда сақлашини сўради.
Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида (мамлакат жануби-ғарбида) бошланган бўлиб, аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархларда сотилишига қарши чиққан. Тез орада намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам тарқалди. Намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди.
Ҳукумат истеъфога чиқди, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев намойишчиларни террорчилар деб атади ва 5 январь куни КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ташкилот Қозоғистон томони республикадаги вазиятни «чет элда тайёргарликдан ўтган бандит тузилмаларининг бостириб кириши» деб ҳисоблаётгани ва 6 январь куни улар тинчликпарвар контингентини жўнатганини қайд этди.