Олмаота полицияси шаҳардаги тартибсизликларда иштирок этган 2 мингдан ортиқ одамни ҳибсга олди, деб хабар беради Қозоғистон матбуоти Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда. Шаҳарни талончилар ва жиноятчилардан «тозалаш операцияси» давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда айтилишича, айни дамда Олмаотада, жумладан Республика майдони томонидан отишма ва портлаш овозлари эшитилмоқда.
Намойишчиларнинг сўзларига кўра, махсус аксилтеррор операцияси давомида хавфсизлик кучларининг ўқларидан камида 30 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, ярадорлар сони номаълум. Ҳукумат 13 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлгани, яна 353 нафар орган ходими жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
6 январь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қуролли Кучлар, МХҚ, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа куч тузилмаларининг жанговар тайёргарлигини ошириш борасида буйруқ берган эди.
Шунингдек, ҳукуматга «воқеалар сабабларини аниқлаш, барча айбдорларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш» учун Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, МҲҚ ва бошқа ваколатли тузилмалар вакилларидан иборат махсус тергов гуруҳини тузиш топширилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистонда сўнгги икки кун ичида содир бўлган тартибсизликлар натижасида етказилган зарарнинг умумий миқдори 92 миллион долларни ташкил этган. Талончилик ва ўт қўйишлар 6 январь куни ҳам давом этган. «Москва» савдо марказига ўт қўйилгани тўғрисида маълумот бор эди, талончилар Aport Mall савдо марказини тўлиқ талон-тарож қилишган ва Mega Alma-Ata вайрон қилишга уринишган, бироқ улар тўхтатилган. «Қозоғистон» телеканалининг «Олтин фонди» омбори ёниб кетган. Ижтимоий тармоқларда талончилар бугун ломбардлар ва заргарлик дўконларини бузиб, йирик қурол-яроғ дўконини тунашганини ёзишмоқда.
Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида бошланган бўлиб, аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархда сотилишига қарши чиққанди. Кўп ўтмай намойишлар бошқа шаҳарларга кўчди, Олмаотада тартибсизликлар бошланди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган хабарларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этди, ҳукумат истеъфога чиқарилди. Шунингдек, Тўқаев ёрдам сўраб КХШТ бўйича ҳамкорларига мурожаат қилди, ташкилотнинг коллектив хавфсизлик кенгаши вазиятни барқарорлаштириш учун Қозоғистонга ҳарбий контингент юборишга қарор қилди