Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар кучлари етиб келди

КХШТ тинчликпарвар кучлари. Jscsto.odkb-csto.org сайти фотосурати

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) Қозоғистонда тинчликпарварлик миссияси бошланганини эълон қилди. Россиядан контингентга ҳаво-десант қўшинларининг бўлинмалари киритилган ва у Қозоғистонга кела бошлади, деб хабар беради «Интерфакс».

«Ҳозирда тинчликпарвар контингентнинг россияликлардан иборат қисми Россия Аэрокосмик кучлари ҳарбий-транспорт самолётларида Қозоғистон Республикасига келтирилмоқда. Унинг таркибидаги етакчи бўлинмалар ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга киришди», — дейилади ташкилот котибияти хабарида.

Қозоғистондаги тинчликпарвар кучлари давлат ва ҳарбий объектларни ҳимояга олади.

«КХШТ тинчликпарвар кучларининг асосий вазифаси муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, вазиятни барқарорлаштириш, уни ҳуқуқий майдонга қайтаришда Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот кучларига ёрдам беришдан иборатдир», — деб изоҳлайди такшилотдагилар.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти котибиятининг хабар беришича, Қозоғистон томонининг ёрдам сўралган мурожаатида мамлакатдаги вазият «чет элдан тайёрланган бандит тузилмаларининг бостириб кириши» сифатида баҳоланган.

Бундан олдин, 6 январь куни КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси, Арманистон бош вазири Никол Пашинян «ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТ кучларини чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборишга қарор қабул қилганини» маълум қилганди.

Кучларни жалб қилиш учун КХШТга аъзо давлатлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ доимий асосда тинчликпарвар контингентларни ажратадилар. Айнан ушбу контингент ҳар бир давлат қарор қабул қилингандан кейин Қозоғистонга юборилади.

Қирғизистон Қозоғистонга КХШТ доирасида кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди. Республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон томони «қардош Қозоғистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва КХШТ доирасида иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини тасдиқлайди». Ҳарбий хизматчиларни юбориш тўғрисидаги қарор бугун Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши (парламенти)нинг фавқулодда йиғилишида қабул қилинади.

Шунингдек, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги «таҳдидни бартараф этиш учун Қозоғистонга ёрдам кўрсатиш учун» коллектив тинчликпарвар операцияда иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди.

«Биз тинч аҳоли ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар вакилларига нисбатан зўравонлик, давлат органларини бостириш, талон-тарож ҳолатларидан жиддий ташвишдалигимизни қайд этамиз. Берухсат ҳаракатлар натижасида қурол ва махсус техникаларга эга ноқонуний қуролли тузилмалар пайдо бўлгани алоҳида ташвиш уйғотади. Биз Қозоғистон раҳбариятининг норозилик кайфиятини қўзғатиш орқали мамлакатда вазиятни издан чиқаришга бўлган уринишлардан хавотирда бўлишига тўлиқ қўшиламиз”, — дейилади Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Таъкидлаш жоиз, ташкилот тарихида биринчи марта КХШТ қўшинлари иштирокчи давлат ҳудудига реал тинчлик ўрнатиш ёки жанговар миссияларни бажариш учун киритилмоқда.

КХШТга аъзо давлатларнинг тинчликпарвар контингентлари махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар, милиция (полиция) ва фуқаро ходимларидан, шунингдек ташкилотга аъзо давлатлар томонидан тақдим этилган куч ва воситалардан иборат. Уларнинг сони 3600 кишини ташкил этади. КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзодир.

Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида (мамлакат жануби-ғарбида) бошланган бўлиб, у ерда аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархда сотилишига қарши чиққан. Кўп ўтмай намойишлар бошқа шаҳарларга кўчди, Олмаотада тартибсизликлар бошланди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган хабарларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фавқулодда ҳолат жорий этди, ҳукумат истеъфога чиқарилди. Шунингдек, Тўқаев ёрдам сўраб КХШТ бўйича ҳамкорларига мурожаат қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ