Олмаотада намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар қайта бошланди

Олмаота маркази, 2022 йил 5 январь. Видеодан скриншот

5 январь, чоршанба куни Олмаота шаҳрининг марказида намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар давом этди.

«Интерфакс-Қозоғистон» хабарига кўра, намойишчилар ҳовлилар орқали Байтурсинов кўчасига ўтишга уринган. Полиция уларга қарши махсус воситалар, жумладан шовқинли гранаталардан фойдаланган. Агентлик мухбирининг сўзларига кўра, тўқнашув чоғида бир полициячи яраланган.

Orda.kz хабарига кўра, полиция намойишчиларга қарши нафақат шовқинли гранаталардан, балки резина ўқлардан ҳам фойдаланган. Фаоллар Байтурсинов — Қорасай-ботир кўчалари чорраҳаси яқинида туришган. Полициячилар тўлиқ формада, йўлнинг ўтиш қисмини эгаллаб олган.

Намойишчилар қўлларини юқорига кўтариб, уларга қарата ўқ узмасликни сўрашган, шундан сўнг улар томон граната отилган. Унинг парчаси Orda.kz журналисти Бек Байтаснинг юзига келиб теккан. Бундан олдин Orda.kz ходими Леонид Рассказовнинг орқа томондан резина ўқ билан яраланганини ёзганди нашр.

Vlast.kz нашрининг аниқлик киритишича, намойишчиларнинг бир неча гуруҳи шаҳар марказига кўчган. Айни пайтда уларнинг баъзилари Толе би ва Байтурсинов кўчалари чорраҳасида Миллий гвардия кучлари кордонини бузиб ўтишга уринган.

Sputnik Қозоғистон Олмаота вақти билан соат 14.32 да намойишчилар томонидан шаҳар ҳокимлигига ҳужум бошлангани ҳақида хабар берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, бинода ёнғин бошланган.

Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида мобил интернет ҳамон ишламаяпти, мессенжерлар блокланган, марказда аксарият дўконлар, кафелар, банк филиаллари ёпилган, жамоат транспорти ишламаяпти. Ҳозирга қадар шаҳарда юз берган норозиликлар туфайли 190 га яқин одам жабрланган, 40 киши касалхонага ётқизилган (бундай маълумотларни Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси тарқатган).

Республиканинг бошқа шаҳарларида ҳам тартибсизликлар давом этмоқда. Атирау вилоятининг Макат шаҳрида намойишчилар темир йўл станциясини тўсиб қўйишган. Ақтўбеда полиция ҳокимлик биносига бостириб киришга уринган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. «Азаттык» (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати) хабарига кўра, 5 январь куни тушдан кейин вилоят ҳокимлиги олдидаги одамлар бинонинг ойналарини синдириб, ичкарига киришга ҳаракат қилишган. Хавфсизлик кучлари одамларни тарқатиш учун махсус воситалардан фойдаланган.

КазТАГ агентлиги Тараздаги ҳибслар ҳақида хабар беради. Намойишчиларни куч билан тарқатиш Атирауда ҳам бошланган.

«Фарғона» манбасига кўра, Чимкентда ёшлар кўчаларда тўпланишмоқда, улар орасида бирорта ҳам ҳуқуқ-тартибот ходими кўринмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ