Ўзбекистон ҳарбийлари «Тинчлик миссияси» машғулотларида иштирок этадилар

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 11 сентябрь куни Россиянинг Оренбург вилояти Донгуз полигонида 20 дан 24 сентябрга қадар бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг «Мирная миссия — 2021» («Тинчлик миссияси -2021») ҳарбий машғулотларида иштирок этиш учун етиб келдилар.

Ҳарбий машғулотларда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ҳарбийлари иштирок этадилар. Ўзбекистон ва Беларусь ҳарбий контингенти ушбу тадбирда илк бор қатнашмоқда, деб хабар беради ТАСС.

Ўқув машғулотлар Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиқиб амалга оширилади. Ҳарбийлар халқаро террорчи гуруҳлар қўллаётган янги тактик жангларга, учувчисиз аппаратларга қарши кураш, кимёвий ва биологик қуроллардан фойдаланиб амалга ошириладиган терактларни олдини олиш усулларини амалда синайдилар.

РФ Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳарбий машғулотларга 5,5 мингта ҳарбий хизматчи ва 1,2 мингдан ортиқ қурол, ҳарбий ва махсус техникалар жалб этилади. Жумладан, тадбирларда 30 та самолёт ва вертолётлар, жумладан қирувчи Су-34, разведкачи Су-24МР, бомбардимон Су-25 самолётлари, зарбачи Ми-24 ва транспортли-жанговор Ми-8 вертолётлари, шунингдек Ил-76 самолётлари қатнашади.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг террорга қарши ҳарбий машғулотлари ташкилот тузилган 2001 йилдан бошлаб икки йилда бир марта ўтказилади. Илк бор у 2003 йили Қозоғистон ва Хитой ҳудудларида ўтказилди. 2007 йилги машғулотларда ШҲТ аъзо давлатларининг барчаси иштирок этганди. Кейинги машғулотлар ўзбекистонлик ҳарбийларсиз ўтказилган эди. 2018 йили ўзбек ҳарбийлари ўқув машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этгандилар.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)— Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон лидерлари томонидан 2001 йили ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Кейинчалик ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлди. 2021 йил сентябрда ушбу ташкилотга Эрон қўшилди.