Адлия вазирлиги «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этди

Хидирназар Аллақулов. Умида Аҳмедова фотосурати

Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Ҳақиқат ва тараққиёт» деб номланувчи янги партияни рўйхатдан ўтказишни рад этди, деб хабар беради Kun.Uz нашри вазирликка таянган ҳолда.

Адлия вазирлиги томонидан “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан аризалар ва илова қилинган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда икки марта ўрганиб чиқилган.

«Партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳужжатлар “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинганлиги аниқланди. Хусусан, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади. Бироқ, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бор-йўғи 9 873 та имзо йиғилган», — дейилади хабарда.

Жумладан, 2021 йил 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган.

Ўрганиш жараёнида имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этгани аниқланган.

«Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди», — дейилади матбуот хизмати хабрида.

Шу сабаб, «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.

Шунингдек, Адлия вазирлиги «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгалиги ва шу муносабат билан, белгиланган муддат ўтгандан кейин ташкилий қўмита ўз фаолиятини тугатиши, имзолар йиғиш тўхтатилиши ҳақида эслатиб ўтди.

2020 йил 4 июнда профессор, иқтисод фанлари доктори, Термиз давлат университетининг собиқ ректори Хидирназар Аллақулов Ўзбекистонда янги социал-демократик партиясини тузиш режаси борлигини ва 2021 йили президентликка ўз номзодини кўрсатишини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?