Тожикистонда президент сайловлари куни белгиланди

Тожикистон парламенти биноси . Parlament.tj сайтига қўйилган видеодан кадр

Тожикистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари республика президенти сайловларини 2020 йил 11 октябрь куни ўтишини белгилаб берди, дея хабар беради «Азия-плюс».

Мамлакат парламенти (Мажлиси миллий) юқори палатасининг раиси, республиканинг амалдаги президентининг ўғли Рустам Имомали ўтказган сессияда сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, Сўғд, Хатлон вилоятлари, Тоғли Бадахшон автоном вилояти ва Душанбе шаҳри ўз номзодларини кўрсатишни бошлашлари мумкинлиги эълон қилинди.

Тожикистон президентининг аввалги сайловлари 2013 йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган. Тожикистонда парламент сайловлари 2020 йил март ойида ўтган бўлиб, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан альтернативалар йўқлиги ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг системали тарзда бузилишлари учун танқид қилинган эди. Ўшанда Тожикистонда чинакамига мухолиф сиёсий куч саналган Тожикистон Социал-демократик партиясининг вакиллари парламентга ўта олмадилар.

Тожикистон мустақилликка эришганидан бери Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳозиргача бирор марта ҳам мамлакатда ўтган сайловларни халқаро стандартларга мос тарзда ўтган деб тан олмаган.

Тожикистоннинг амалдаги президенти Имомали Раҳмон ўз лавозимини 1994 йилдан бери эгаллаб келмоқда. Унинг ўғли Рустам Имомали 2020 йил 17 апрель куни парламентнинг юқори палатасига раис этиб сайланиб, мамлакатда президентдан кейинги иккинчи шахсга айланиб қолди. Тожикистон Конституциясига кўра, амалдаги президент истеъфога чиқиб кетса, вафот этса ёки лаёқатсиз деб топилса, унинг ўрнини Сенат раиси эгаллайди. Шундан сўнг уч ой ўтиб янги президент сайловлари ўтиши керак бўлади.

2016 йилда мамлакат Конституциясига қатор ўзгартиришлар киритилди, хусусан, президентликка номзодини кўрсатувчи шахснинг энг кам ёши 35 дан 30 гача пасайтириб қўйилди (Рустам Имомали ҳозир 32 ёшда), амалдаги президентга Миллат етакчиси мақоми берилди ва унга чекланмаган миқдорда ўз номзодини президентликка кўрсатиш ҳуқуқи тақдим этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ