Россияда барча автомобилларни алкоқулф билан жиҳозлаш масаласи кўрилади

Rsc.wa.gov.au сайти фотосурати

Россия ҳукумати ҳайдовчиларнинг автомобилларни маст ҳолда бошқармасликлари учун машиналарни ёппасига алкоқулф (маст ҳолда бошқарув олдини оладиган мослама) билан жиҳозлаш устидан бош қотирмоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри хабар беради.

Саноат ва савдо вазирлиги 1 октябрга қадар ушбу мосламалардан фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқаради. Йил сўнггига қадар эса алкоқулфлардан ёппасига фойдаланишни рағбатлантириш масаласи ҳал этилади.

Келажакда Россияда алкоқулфлар «ўлчов воситаси» мақомини қўлга киритади (алкометр каби). Бу — мазкур мосламалар мунтазам текширилиб турилишини англатади.

Алкоқулфлар қўпгина мамлакатларда муомилага киритилган, жумладан маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчиларни жиловлаш учун. Ушбу мослама алкотесторга эга бўлиб, приборлар панелига ўрнатилади. Ҳайдовчи машинани ўт олдиришдан олдин, шунингдек ҳаракат чоғида тестдан ўтади (агар пуфланган ҳавода алкоголь аниқланса, двигатель блокланмайди, лекин мослама қоида бузилганини рангли ва овозли сигналлар билан огоҳлантиради).

2022 йилдан Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилаётган барча автомобиллар мана шундай мослама билан жиҳозланиши лозим. ЕИ алкоқулфларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига ижобий таъсир этиб, автоҳалокатлар сонини қисқартиришга хизмат қилишига урғу беради.

Россияда аввалари ҳам бундай мосламадан фойдаланиш масаласи кўрилганди. 2010 — йиллар Татаристон ва Иванова областида тажриба учун мактаб автобуслари мана шундай мосламалар билан жиҳозланган. Лекин алкоқулфлардан оммавий фойдаланиш масаласи ҳал этилмаганди.

Нашрга кўра, алкоқулфларнинг нархи 25 минг рублдан 120 минг рублгача ($350 дан $1670 гача) бўлади.

Ташаббус танқидчилари бундай чора кўрилишида хатоликларга йўл қўйилиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Масалан, машинани ўт олдиришдан олдин ҳайдовчи ўрнига бошқа одам тестдан ўтиши мумкин. Шунингдек, тест пайтида салондаги ичиб олган йўловчи нафаси ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, танқидчилар инсонларнинг атирлардан фойдаланиши ёки ойна тозаловчи суюқлик ҳам ушбу мосламага таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • Ўзбекистон элчихонаси ватанга биринчи навбатда кимларни жўнатиш борасида нималарга асосланиб қарор қабул қилаётгани ҳақида