Тожикистонда электр таъминотида чекловлар киритилаётгани ҳақида эълон қилдилар

Sugdnews.com сайти фотосурати

Тожикистонда аҳолига электр энергияси етказиб беришда чекловлар киритилмоқда. Ушбу чора Нурек сув омборидаги сувни тежаш мақсадида амалга оширилмоқда, дейилади ҳукуматнинг 28 июль куни президент сайтида чоп этилган халққа мурожаатида.

«2019-2020 йилларнинг куз ва қиш мавсумида Вахш ва Панж дарёлари ўзанларининг бошида жуда кам – олдинги йилларнинг 50 фоиз ҳажмига ҳам етмайдиган миқдорда қор ёғди. Бундай ҳолат Тожикистонда биринчи марта содир бўлмоқда. Бугунги кунда Панж дарёси ўзанида олдинги йиллар билан таққослаганда икки минг кубометрга, шунингдек, (Панжнинг ирмоғи бўлган) Вахш дарёси ўзанида 800 куб метрга камроқ сув оқмоқда. Бунақанги ҳажмдаги сув тоғларда қор захираларининг жуда оз миқдорда қолганини англатади», — дейилади мурожаатда.

Ҳукуматдагилар қайд этишича, Тожикистон «ҳатто халқаро шартномалар билан белгиланган муддатлардан ҳам олдинроқ Ўзбекистон ва Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатишга» мажбур бўлмоқда.

Бугунги кунда Нурек ГЭС сув омборидаги сув сатҳи ўтган йилгига қараганда 17 метрга пасайиб кетган. Агар аҳвол шундай тарзда давом этаверса, унда «қиш мавсумида аҳолини ҳамда миллий иқтисодиёт соҳаларини эпектр энергияси билан таъминотида жиддий муаммолар пайдо бўлиши мумкин».

Шу муносабат билан республика расмийлари аҳолидан электр энергиясидан рационал равишда фойдаланишга ҳамда «Барқи тожик» давлат энергия холдинги томонидан келаётган куз ва қиш мавсумларида электр энергияси тақчиллиги келиб чиқиши эҳтимолининг олдини олиш мақсадида киритилаётган чекловларга нисбатан тўғри муносабатда бўлишини сўрамоқда. Электр энергияси узилишидаги график ёки даврийлик жадвали ҳақида мурожаатда ҳеч нарса айтилмаган. Янгилик чоп этилаётган пайтда «Барқи тожик» компаниясининг сайтини очишнинг имконияти бўлмади.

Тожикистонда 20 йилдан бери октябр ойидан бошлаб апрель ўртасигача электр таъминотида чекловлар амал қилиб келган. Қиш мавсумида вилоятлардаги аҳоли бир кеча-кундуз давомида фақат 8-10 соатдан электр энергиясидан фойдалана олганлар. 2017 йилда, янги гидроэлектр станциялари ва иссиқлик электр марказлари барпо этилиши туфайли лимитлар илк бор бекор қилинган эди. Шунга қарамай, электр таъминотидаги узилишлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда – «Барқи тожик» уларни тақчиллик билан боғлиқ режадаги чекловлар эмас, балки электр узатиш линиялари ва подстанциялардаги профилактика таъмирлов ишларининг ўтказилиши билан изоҳлаб келган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат чекловлардан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда, деб билдириб келган эди. Республиканинг энергетик мустақиллигига эришиш умидини Душанбедан 110 киломер масофада, Вахш дарёсида қурилаётган Роғун ГЭСнинг ишга киритилиши билан боғлашмоқда. Мазкур ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йил ноябрь ойида ишга туширилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ