Текширув колонияда вафот этган Азимжон Асқаров ташхисини тасдиқлади

Азимжон Асқаров . Wikipedia.org сайтидан Alisher Siddiq фотосурати

Баданни ёриб кўриш текшируви №47 қирғиз колониясида вафот этган Азимжон Асқаровнинг иккитомонлама пневмония сабаб ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этганини тасдиқлади. Бу ҳақда 28 июль куни 24.Kg нашри ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаиловага таяниб хабар беради.

Шундай қилиб, ушбу факт марҳумнинг ўлим гувоҳномасида келтирилган «ўпканинг тўлиқ иккитомонлама пневмонияга учрагани» ташхисни тасдиқлайди. Асқаров ва бошқа махбуслар COVID-19 тестида ўтказилмаган ва қамоқхона маъмурияти буни лозим деб билмаган. Бироқ, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги анчадан бери пневмониядан ўлган одамларни коронавирус рўйхатига қўшмоқда. Ёзги фаслга мансуб бўлмаган пневмония тарқалишини медиклар COVID-19 билан боғламоқдалар.

Асқаровни она юрти — Ўзбекистонда дафн қилиш масаласи ҳали ҳал этилмаган. Исмоилова Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон билан ушбу масалани ҳал этишига умид билдиради. Биринчидан, Асқаровнинг ўзи Ўзбекистонда дафн этишларини васият қилган, иккинчидан марҳумнинг яқинлари Асқаровни Қирғизистондаги қабристонга қўйилиши вандализмга учрайди, деган хавотирликни билдирадилар. ГСИН марҳумнинг жасади қариндошларига берилганини маълум қилсада, у ҳозиргача моргда сақланмоқда.

Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган миллий низолардан сўнг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Тергов версиясига кўра, у одамларни оммавий бетартибликлар ва милиционерни ўлдиришга чақирган. Қирғизистонда суд қарорини бекор қилишга доир барча апелляция ишлари бекор қилинди, бироқ БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу ишларни Асқаровни таъқиб қилиниши , деб қабул қилди. Қирғизистон ҳукумати БМТ қўмитасининг ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш тўғрисидаги қарорини бажармади.

Асқаровнинг оғир касалликка чалингани 20 июлда журналистларга маълум бўлди. ГСИН (жазо ўташни ижро қилиш маҳкамаси) дастлаб бу хабарни инкор қилди, лекин 21 июль куни маҳкумни кўргани келган Қирғизистон омбудсмен институти вакиллари Асқаровнинг оғир касалланганини тасдиқладилар. 22 июль куни адвокат Валериан Вахитовнинг Асқаров олдига киришига изн берилди. Икки конвоир Асқаровни зўрга қўлтиқлаб суҳбат хонасига олиб чиқишган. 24 июлда ГСИН Асқаровнинг касалхонаси мавжуд бўлган №47 колониясига кўчирди. Лекин врачлар ҳуқуқ ҳимоячисини сақлаб қололмадилар ва келаси кун эрталаб 69 ёшли Азимжон Асқаров бу дунёни тарк этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентлик машҳур модельер Нариман Григоряннинг ўлимига доир тергов нимадан бошлангани тўғрисида

  • ШҲТ-2016 саммити олдидан реконструкция қилинган Тошкент маҳалласини “Москва кўп қаватли турар-жойлари” учун бузишади

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати