Ўзбекистон Суперлигаси карантин тугашига қадар кечиктирилди

Mir24.tv сайти фотосурати

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ПФЛ) Суперлига чемпионати турнирларини ва бошқа футбол ўйинларини 2020 йил 15 августидан кейинги муддатга кўчирди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.

Дастлаб, биринчи лига, футзал бўйича турнирлар ва аёллар олий лигаси муддати кўчирилди. Суперлига (Coca Cola Super League) ва Про-лига (Pro League) давом этаётганди, бироқ ПФЛ жамоалари иштирокчиларида коронавирусга чалинганлар аниқланганидан кейин мусобақаларни тўхтатиш қарорига келинди. Мурожаатда футболчилар саломатлиги биринчи ўринга қўйилиши айтилган.

27 июлда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) бу даврда матчларни ўтказмасликни маслаҳат берди. Вазиятни ҳисобга олган ҳолда ПФЛ барча турнирларни 15 августгача, яъни карантин муддати чўзилган давргача тўхтатишга қарор қилди.

«Мусобақанинг қай тариқа тикланиши, тақвим ва формат қай кўринишда бўлиши масаласига кейинроқ ойдинлик киритилади», — дейилади мурожаатда.

Sports.uz нашрининг таъкидлашича, бундай қарор футболчиларнинг турнирда нормал форматда иштирок этишига имкон бермайди.

«Барча турнирларни ўтказиш учун вақтни ўта камлиги, ҳамда ФИФАнинг октябрь ва ноябрдаги кунларини инобатга олиб, мамлакат термасининг ўқув машғулотлари кунлари ҳисобга олинса, бизларда қишги мавсумга қадар уч ярим ой вақт қоляпти. Уларнинг ярми терма ва ФИФА кунларига сарфланади. Қолган 2,5 ой ичида яхши форматда турнирларни ўтказолмаймиз», — деб ёзади нашр.

Спорт журналистлари вилоят иккинчи лига зонасидан тортиб икки олий дивизионгача (эркаклар ва аёллар) форматни алмаштиришни таклиф қилишди.

27 июль куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганликнинг энг юқори миқдори қайд этилди — бир кунда 678 нафар бемор борлиги аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 21 209 га етган, 121 та одам ушбу инфекциядан ўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ