И.М. Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетида коронавирусга қарши вакцинани ўзида синовдан ўказган кўнгиллиларнинг барчасида организм иммунитет ишлаб чиқарди. Бу ҳақда Сеченов университетининг Дори воситаларини клиник тадқиқоти маркази раҳбари Елена Смолярчук маълум қилди, дея хабар беради РИА Новости агентлиги.
Унга кўра, биринчи ҳимоя «муболағасиз бир неча кундан сўнг» ишлаб чиқилади, шу билан бирга, вакцина киритилишига организм реакцияси индивидуал ҳолатда намоён бўлади. Уч ҳафта ўтиб иммун тизимининг реакцияси ишга тушганида, ҳимоя нуқтаи назаридан максимум даражага етишади.
Клиник синовларнинг кейинги босқичи эмлашдан кейин пайдо бўлган иммунитет қанча вақт давомида сақланишини кўрсатиши керак. Бу босқич «агар вакцина ўзининг натижадорлигини исботлаган ҳолатда, рўйхатга олинса» бошланади, бунда «кенг кўламли, кўпроқ одамлар жалб этилган йирик тадқиқотлар бошланади ва улар эмланади ва кузатув остига олинади», дея тушунтирди марказ раҳбари.
Гемелаи номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқарилган вакцинанинг клиник синовлари Сеченов номидаги университетида 18 июнь куни бошланган. Сеченов университетидаги кўнгиллиларнинг иккинчи гуруҳи 20 июль куни чиқарилди, биринчи гуруҳ 15 июлда чиқарилганди.
Вакцина синовлари, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлигининг Бурденко номидаги ҳарбий госпиталида ҳам ўтказилмоқда. Кеча 20 июль куни у ердан 20 кишидан иборат кўнгиллиларнинг сўнги гуруҳи чиқарилди. Биолог, Мудофаа вазирлиги 48 Марказий илмий-текшириш институтининг бошлиғи, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Сергей Борисевич «Красная звезда» газетасига интервьюда «кўнгиллиларга вакцина эмлаш натижасида коронавирусга қарши керакли антитаначалар пайдо бўлгани, вакцина компонентлари эса инсон учун чидамли эканлиги аниқланди», деб билдирди.
Бундан ташқари, Кембрижда жойлашган AstraZeneca халқаро компанияси ва Оксфорд университети ишлаб чиқарган COVID-19 инфекциясига қарши AZD1222 вакцинаси Россиянинг «Р-Фарм» компаниясига топширилган. AZD1222 Оксфорд университети Женнер институти томонидан вакциналарни ўрганиш бўйича Оксфорд гуруҳи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳамда Россияда ишлаб чиқаришга қўйилади.
Жон Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 14,6 миллиондан ошиб кетган (энг кўп касаллар АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон ва Россияда), бу касалликдан ўлганлар сони 609 мингдан ўтган.