Мирзиёев сув тошқинидан талофат кўрган ҳудудларни қайта тиклаш ишларига $100 млн ажратди

Талофат кўрган одамлар учун қурилган янги уйлардан бири. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармасидан Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида талофат кўрган туманларни қайта тиклаш ишлари учун $100 млн ажратилади. Шу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев қарор қабул қилди.

Бу пуллар кўп хонадонли турар уйлар, мактаб ва шифохоналарни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўлларни тиклаш, коллектор, дренаж, насос станцияларини тозалаш, ичимлик суви ва канализация қурилиши ишларига сарфланади.

Вазирлар Маҳкамасига 1 июнга қадар 2020-2022 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш дастури доирасида кучишлатар тизимларга сарфланиши мўлжалланган 1,150 трлн сўмнинг ($113 млн) оптимизацияси борасида президент администрациясига таклиф киритиш юклатилган. Ушбу маблағлар ҳудудлар ривожига кетадиган сарфларнинг қопланишига ишлатилади, зеро маблағлар олдин президент қарори билан бошқа мақсадларга йўналтирилганди. Жумладан, Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатларини барҳам этишга 100 млрд сўм ($9,8 млн), хусусий боғчалар қурилишига йўналтирилган 182 млрд сўм ($18 млн), тортиб олинган ер участкаси ва биноларга ажратилган 353 млрд сўм ($34,7 млн), янги кичик саноат зоналари инфратузилмаларини барпо этишга мўлжалланган 85 млрд сўмни ($8,3 млн) қоплашга йўналтирилади.

Кучишлатар блоги ҳисобидан озод этилган 130 млрд сўм ($12,7 млн) Бухородаги довул оқибатларини бартараф этиш ишларига йўналтирилади. Бундан ташқари 300 млрд сўм ($29,5 млн) пандемия даврида фермер хужаликларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Қарорнинг бошқа бандида Сирдарё вилоятининг талофат кўрган туманларида қурилажак кўпқаватли уйларга электр, алоқа тармоқлари ва газ қувурларини тортиш ишлари «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзбектелеком» ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилган.

19 май, сешанба куни «Юксалиш» миллий ҳаракати Сирдарё вилоятидаги сув тошқини асоратларини бартараф этиш учун Ўзбекистон бюджетидан 1,5 трлн сўм ($147 млн) ажратилишини маълум қилганди. Бу маълумотни Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов ҳам тасдиқлаганди.

Ўзбекистон ғарбида жойлашган Сардоба сув омбори тўғони 1 май куни ўпирилди. Натижада 90 мингта одам хавфсиз жойларга кўчирилган, 50 нафар одам турли тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган, олти киши ўлган ва бир киши бедарак йўқолган. Сув тошқини оқибатида 2,5 мингта хусусий уй ва 76 та кўпқаватли уйлар шикастланган. Республика Бош прокуратураси сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») 1-қисми ва 258-моддаси («Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғаган.