Telegramда коронавирусга доир тарқатилаётган ёлғон хабарлар тўғрисида канал очилди

Pixabay.com сайти фотосурати

Telegram мессенжерида янги канал очилиб, унда Ўзбекистондаги COVID-19 га оид тарқатилаётган ёлғон хабарлар жамланган. AntiFake.uz каналидаги дастлабки маълумотлар 20 март куни пайдо бўлди. Ҳозирги кунда каналнинг бир ярим мингта мухлиси бор. Жумладан фейк, яъни ёлғон хабарлар ичида Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган инсон, мазкур вирусга қарши дори мавжудлиги, шунингдек Навоий вилоятида вирусга чалинганларни аниқлайдиган дастур ишлаб чиқилгани тўғрисида маълумотлар бор.

Каналда фирибгарларнинг Москва аэропортида ушланиб қолган йўловчилар учун Тошкентга чартер рейси учун билет сотаётгани ҳақида огоҳлантириш келтирилган. Аслида, бундан аввал «Ўзбек ҳаво йўллари» авиакомпанияси ва Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни бундай сохта маълумотлардан огоҳ қилганди.

Энг сўнгги ёлғон — Korzinka.uz супермаркетида сотувчи бўлиб ишлаётган бир қизда коронавирус аниқлангани тўғрисидаги хабардир. «Бу хабар ҳеч қандай асосга эга эмас», – дейилади AntiFake.uz хабарида.

Бундан олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга доир ёлғон хабарларни тарқатаётганларга нисбатан маъмурий жавобгарликни жорий қилиш таклифини киритганди. Қонун лойиҳасида бундай «ёлғончи»ларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 дан 40 бараваригача (ҳозирда битта базавий ҳисоблаш миқдори — 223 минг сўмни / $23,4 ташкил этади) жарима кўзда тутилган. Амалдаги шахслар учун жарима миқдори БҲМнинг 40 дан 60 бараварига тенг.

Ўзбекистонда илк бор 15 март куни Париждан учиб келган аёлда коронавирус аниқланди. Шундан сўнг республикада карантин жорий этилди. Ҳозирги пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг сони 50 та одамни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ