Риштонлик машҳур кулол устасига бузилган уй учун $125 миқдорида компенсация пули таклиф этилган

Шарофиддин Юсупов . «Фарғона» фотосурати

Фарғона вилояти, Риштон туманида истиқомат қиладиган машҳур кулол, Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси Шарофиддин Юсуповга бузилган устахонаси учун 1,2 млн сўм ($125) компенсация пули таклиф этилган.

Устахона шаҳарнинг асосий трасса йўлини кенгайтириш ишлари туфайли бузиб ташланган. Бино кулол устаси яшаётган уй ёнида қурилган бўлган. Юсупов бу ерда икки қаватли бино барпо этиб, унинг биринчи қаватида ўқувчиларни бепул ўқитиш хонаси, иккинчи қаватида эса унинг олдига турли давлатлардан келадиган туристлар учун мўъжазгина меҳмонхона барпо этишни режалаштиради.

Бироқ, ўтган йил ёзда маҳаллий раҳбарият қарори билан устахона бузиб ташланади, «тракторнинг бурилишига халақит беряпти» баҳонасида унинг атрофидаги дарахт ва гуллар кесиб ташланади.

Юсуповга етказилган зарар учун компенсация тўлашни ваъда қилишади.

Шарофиддин Юсупов уйи. «Фарғона» фотосурати

Сентябрда Юсуповнинг олдига кадастр идораси ходими келиб, унга 57 млн сўм ($6000) миқдорида компенсация пули тўланишини айтади ва қоғозга қўл қўйдириб, қайтиб кетади. Орадан ойлар ўтиб ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Кулолчи ўша пайт қўл қўйилган қоғоздан нусха олмаганидан, ходимнинг кимлигини суриштирмаганидан афсусланади.

Ниҳоят шу йили Юсуповни Риштон тумани ҳокимиятига чақиришади ва компенсация тариқасида — 1,2 млн сўм ($125) таклиф этишади. Юсупов бундай кулгули товон пулини олишдан воз кечади.

Бу орада бузилган жой ўрнида қассобхона тикланади. Аввали ҳокимиятдагилар бузилган участкалар «қизил линия»да (аслида бундай ерда ҳеч нарса қурилмайди ва ер сотилмайди) экани, кейинчалик бу жойлар аукционга қўйилиши ва у ҳали эълон қилинмаганини таъкидлагандилар.

Юсупов биргина нарсани — инсофли компенсация тўланиши ва ўз ерида устахона ва меҳмонхонадан иборат икки қаватли бино тиклашни хоҳлайди.

Бузилган уй. Ўнгда-қассоб дўкони. «Фарғона» фотосурати

Шарофиддин Юсупов — кулолчилар сулоласининг еттинчи авлод вакили, ЮНЕСКО дипломанти. Устанинг нодир асарлари Ўзбекистон, Қирғизистон, музейларидан, Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи, Санкт-Петербургдаги Этнография музейидан, Эрмитаждан, Эстония ва бошқа хориж давлатлари коллекцияларидан ўрин олган.

Фарғона ҳокимиятининг Риштондаги асосий трассани кенгайтириш қарори бошқа ҳунармандларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жумладан, уста Рустам Усмонов ҳам уйлар бузилишидан жабр кўрган. У 1996 йили керамика буюмлари музейини ташкил этади. Музейдан XVIII–XIX асрга доир кулолчилик санъати асарлари ўрин олганди. Усмоновнинг манзили машҳур— Lonely Planet, Petit Fute сайёҳлар катологига киритилган бўлиб, туристлар машҳур ҳунарманднинг устахонаси ва музейига мунтазам ташриф буюрардилар.