Истанбулда содир этилган терактда айбланаётган ўзбекистонликка 40 умрлик қамоқ жазоси берилиши сўралди

Абдулқодир Машарипов. Podrobno.uz сайти фотосурати

27 январь куни Истанбулда ўтган суд мажлисида прокурор 2017 йил шаҳарнинг тунги клубида теракт содир этганликда айбланаётган Абдулқодир Машариповга 40 та умрга тенг қамоқ жазоси берилишини сўради. Бу ҳақда TRT Haber хабар беради.

Агар Машарипов айбдор деб топилса, у террорчи ташкилотга аъзолик қилгани учун 15 йил, теракт пайтида ҳалок бўлган 39 нафар одам учун 2370 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Anadolu Аgency маълумотларига кўра, айблов хулосаларида 58 нафар айбланувчи қайд этилган, улардан 18 таси ҳибсда, 8 нафарини прокурорлар оқлашни тавсия этганлар. Тилга олинганлар ичида Машариповнинг хотини —Зарина Нуруллаева, шунингдек, Илёс Мамашарипов, Абдурауф Серт ва Али Жамил Муҳаммад деган кимсалар бор.

Истанбулнинг Reina тунги клубидаги теракт 2017 йил 1 январда содир этилган. Калашников автомати билан қуролланган бир эркак 39 одамни отиб ташлайди. Қурбон бўлганлардан 27 нафари Ливан, Саудия Арабистони, Исроил, Ироқ ва Марокаш фуқаролари бўлган. Шунингдек, теракт пайтида 69 та одам яраланган.

Теракт содир этганликда гумонланаётган Машарипов 2017 йил 17 январда полиция томонидан ўтказилган махсус операция чоғида қўлга олинган. У дарҳол айбини тан олган, шунингдек, унинг бармоқ излари ҳам мос тушган. Бироқ, 2019 йил февраль ойида Истанбулда ўтказилган япиқ суд мажлисида Машарипов Reina клубида теракт содир этмаганини, «Калашников автоматини қўлда кўтарган эркак» у эмаслигини айтган. Шунингдек, у дастлабки иқроридан ҳам воз кечган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ