Хитойда коронавирус туфайли халқаро бокс турнири бекор қилинди

Ухань вокзалидаги одамлар тиббий ниқобларда. CCTV лавҳаси

Хитойда ўтказилажак бокс турнири бекор қилинди. Бунга ўпка яллиғланиши касаллигини келтириб чиқарувчи коронавируснинг тарқалиши сабаб бўлган, дея хабар беради «Азия-Плюс» Тожикистон Миллий олимпия қўмитаси маълумотига асосланган ҳолда.

Бокс бўйича мусобақалар Ухань шаҳрида 3-14 февраль кунлари ўтказилиши керак эди. Турнир давомида Осиё ва Океания мамлакатлари боксчилари 2020 йил Токио Олимпиадаси учун йўлланма олишлари режалаштирилганди. Турнирда қатнашиш учун Марказий Осиё мамлакатлари спортчилари ҳам тайёргарлик кўргандилар, бироқ Хитой ҳукумати турнирни бекор қилишга қарор қилди.

«Коронавирус тарқалиши туфайли Ухань шаҳар маъмурияти одамларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги ўйлаб бокс бўйича мусобақани бекор қилди», — дейилади ташкилий қўмитанинг турнирда иштирок этмоқчи бўлган мамлакатлар бокс федерациясига йўллаган мактубида.

Яқин орада Халқаро олимпия қўмитаси иширокчиларни турнир қаерда ва қачон бўлиб ўтишидан хабардор қилади.

Ўпка яллиғланиши касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирус эпидемияси 2019 йил декабрда Ухань шаҳрида қайд этилди. Айнан шу шаҳарда кўпчилик одамлар мазкур вирус билан касалланган. 22 январь маълумотига кўра, касаллик 552 нафар одамда аниқланган, уларнинг 17 нафари вафот этган. Коронавирус билан касалланган одамлар (уларнинг аксарияти Хитойга саёҳат қилиб қайтган) — Таиланд, Жанубий Корея ва АҚШда аниқланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ