Кўп миллионлик аудиторияга эга Қозоғистоннинг ORDA.kz («Ўрда») нашри Президентнинг йиллик Мурожаатномаси олдидан Қозоғистон тарихидаги энг медиа жанжални қўзғатди. 4 сентябрь куни «Ўрда»нинг сайти ва Телеграм-каналида Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, тадбиркор Гажи Гаджиев, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир неча юқори мартабали ходимлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди. Ва бу маълумот ТИВ, МХҚ ва Ахборот вазирлиги томонидан изчил рад этилганидан кейин ҳам нашр ўз сўзида туриб олди, шундан сўнг прокуратурада «Ўрда» бош муҳарририга саволлар пайдо бўлди. Жанжал қандай ривожланди ва нега энди у айнан ҳозирда авжига чиққани — «Фарғона» материалида.
Вазирнинг «ҳибсга олиниши»
Охирги уч кун ичида «Ўрда» тинимсиз параллел воқеликни яратмоқда, унда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, Бош вазир ўринбосари ва президент Тўқаевнинг энг яқин сафдошларидан бири Мурат Нуртлеу ШҲТ саммитидан қайтгандан сўнг ҳибсга олинган. Унинг уйида тинтув ўтказилгани, 4 сентябрдан кейинги барча учрашувлари ва телефон суҳбатлари матбуот хизмати томонидан олдиндан тайёрланган оммавий ахборот воситаларининг «консерва маҳсулотлари» бўлгани айтилмоқда. «Ўрда» мазкур янгиликнинг кўплаб расмий раддияларига қарамасдан – ўз манбаларига ишонишини таъкидлаб, ўз позициясида қаттиқ турибди.
ТИВ раҳбари Нуртлеу ва Harvest Group директорлар кенгаши раиси Алмаз Алсеновнинг 5 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувидан лавҳаларни эълон қиларкан, нашр у июль ойида ҳам шундай учрашув ўтказгани (нега ТИВ раҳбари қишлоқ хўжалиги тадбиркорлари билан ҳар икки ойда учрашиши керак, дейилади) ва суратлар эскисига жуда ўхшашлигини таъкидлаган.
Бошқа нашрлардаги ҳамкасблар бундай эмаслигини ва аслида иккита учрашув бўлганини аниқлаш учун тўлиқ текширув ўтказишган. Хусусан, биринчисида Ержан Елекеев иштирок этган, бироқ охирги суратларда у бўлмаган, чунки ўша вақтга келиб у Қувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи этиб тайинланган эди.
6 сентябрь куни Қозоғистон ТИВ вазирлик раҳбари ва унинг украиналик ҳамкасби Андрей Сибига ўртасида Киев ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида хабар берди. Ўганда «Ўрда» қўнғироқ Нуртлеу ШҲТ саммитида қатнашгандан сўнг Пекиндан уйга учаётганида содир бўлганини ва эҳтимол тўғридан-тўғри самолётдан, яъни ҳибсга олинишидан олдин амалга оширилганини ёзган.
Нашр, шунингдек, Нуртлеу озодликда экани ҳақидаги кўплаб ташқи кузатувчиларнинг хабарларига ҳам эътибор қилмаяпти. Масалан, сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев «жабрланувчи» билан шахсан гаплашгани ва у ўзининг ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотлар мутлақо бемаънилик эканини айтган. Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубнов, ўз навбатида, жума куни Нуртлеу вазирликдаги иш жойида бўлганини ва бу ҳақда унга Ташқи ишлар вазирлигидаги ишончли манбалар шахсан хабар берганини ёзган.
Вазирнинг ўзи ўтган ёзда собиқ Мудофаа вазири Руслан Яхшиликов ўзининг «ҳибсга олинишини» рад этганидек, видео мурожаат ёзиб, барча гумонларни чиппакка чиқариши мумкин эди, аммо бу ҳали содир бўлмади, бу фитна конспирологлар фойдасига ўйнаяпи. «Ўрда» эса ўзининг ҳақлигини тасдиқловчи далилларни келтирмаган.
Қозоғистон стандартлари бўйича улкан 12 миллион кишилик катта аудиторияга эга нашр фақат ўз манбаларининг ишончли эканида туриб олишини давом этмоқда. Дарҳақиқат, улар кўпинча «Ўрда»га республика ҳаётидаги муҳим воқеалар ҳақида биринчи бўлиб хабар беришга рухсат беришганди. Аммо бу хабарлар орасида Қозоғистоннинг собиқ биринчи хоними Сара Назарбоеванинг ўлими ёки унинг турмуш ўртоғи Нурсултон Назарбоевнинг Кантар даврида мамлакатдан қочиб кетгани ҳақидаги фейк хабарлар ҳам бор эди. Бундай хабарлар рад этилди ва ишонч билан унутилди, чунки «Ўрда» ҳеч қачон ўз нашрлари бўйича расмийларнинг баёнотларига шубҳа қилмаган.
Хўш, ҳозирда нималар бўляпди?
Ҳозирда нашр расмийлар билан шунчаки тортишаётгани йўқ, у аслида Қозоғистон раҳбариятини ёлғончиликда айбламоқда, бунинг учун коррупция ва кланлараро «жанжаллар» каби нозик мавзулардан фойдаланмоқда.
Нуртлеу билан бир қаторда, «Ўрда»нинг таъкидлашича, республикадаги таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби, Қозоғистон оғир атлетика федерацияси раҳбари Гажи Гаджиев ҳам ҳибсга олинган (унинг рафиқаси, президент телерадиокомпанияси директори Раушан Қожибоева аллақачон таҳририятни туҳмат учун судга бериш ниятида эканлигини маълум қилди).
«МХҚ, «Хоргос» ва ўлимлар: Нуртлеу ва Гаджиев Қозоғистонни қандай қилиб эгаллаб олди» мақоласида ТИВ раҳбарини «Қозоғистон сиёсатининг кулранг кардинали» деб атаган ва Гаджиев ўз кўмагида 2022 йили Миллий хавфсизлик қўмитаси қошида параллел «яширин МХҚ» тузилмасини яратганини ёзади – улар «давлат манфаатларига эмас, фақат бир шахс — Мурат Нуртлеуга хизмат қилишган». Бунинг эвазига Гаджиев Хитой чегарасини ва биринчи навбатда «Хоргос»ни назорат қилиш имкониятини олган, дейилади мақолада. Унда, шунингдек, Киевда мухолифатчи журналист Айдос Содиқовнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган қўмитанинг уч собиқ ходими (улар ҳам ҳибсга олингани айтилмоқда) тарихи ҳам ўрин олган. Мурат Нуртлеу жиноятнинг бошида турган, дейилади.
Orda.kz сайтидан скриншот
«Ахборот «сенсациялар» кўпириб бормоқда», — дея изоҳ беради Дониёр Ашимбаев мақолани ўқиб чиқиб. «Тўқаев Зеленскийга музокараларга боришни маслаҳат беришга энди улгурган ҳам эдики, қозоғистонлик дипломат НАТОга қарши жосусликда айбланиб, зудлик билан ҳибсга олинди. Хитойга муваффақиятли ташрифи якунланиши биланоқ вазир, тадбиркор ва хавфсизлик ходимларининг ҳибсга олиниши ҳақидаги миш-миш пайдо бўлди, Остонани Киевдаги тушуниб бўлмас ҳодисага боғлашди. Аммо бу сиёсатшуносларнинг фикрига кўра, минглаб версиялардан фақат биттаси. Мурат Нуртлеу мамлакатдаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири саналади. У амалдаги президентнинг узоқ йиллик иттифоқчиси. Шуниси эътиборга лойиқки, унинг «ҳибсга олиниши» ҳақидаги оммавий ахборот воситаларидаги бомба давлат раҳбарининг 8 сентябрга белгиланган йиллик мурожаатидан бир неча кун олдин пайдо бўлди.
«Баъзилар буни Тўқаевнинг потенциал вориси учун компромат деб ҳисоблашган бўлса, бошқалари буни президентнинг ўзига зарба, деб ҳисоблашади», — деб ёзади сиёсатшунос Ербол Едилов. —Аммо, Сўлсоҳилда ҳақиқатан ҳам турли хил миш-мишлар тарқалмоқда. Энди бўлса улар «Мурожаатнома қайта ёзилмоқда» дейишмоқда ва Тўқаевнинг нутқидан кейин «катта ўзгаришлар» содир бўлиши мумкин. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, сентябрь-октябрь ойларида бўлиб ўтадиган ўзгаришлар одатий ҳодисадир. Ҳеч бўлмаганда улар Мурожаатномада тилга олинган масаларнинг мақсадли ва манзилли ижросига ҳисса қўшади. Энди эса ўзгаришлар олдиндан режалаштирилган бўлса ҳам, улар сўнгги воқеалар призмаси орқали кўриб чиқилади.
Бундан кимга фойда? Ростини айтсам – билмайман. Аммо баъзи «ЛОМ»лар (ижтимоий фикр етакчилари. – «Фарғона» изоҳи) Бажкенова («Ўрда» бош муҳаррири Гулнар Бажкенова. – «Фарғона» изоҳи) томонидан тасдиқланмаган маълумотларнинг сизиб чиқиши Нуртлеунинг ҳукумат номига эмас, балки ҳукумат раҳбари лавозимига бўлган йўлини тўсишга қаратилганини таъкидлашмоқда. Мурат Абугалиевич кўпроқ дипломат эканини, Қозоғистоннинг тўлиқ иқтисодий ва сиёсий мустақиллиги тарафдори эканини инобатга олсак, «Бу кимга керак?» деган савол ўз жавобини топгандек бўлади. Балки «Ўрда» бош муҳаррирининг ўзи ҳам кимнинг тегирмонида сув қуяётганини билмаётгандир», деб ҳисоблайди сиёсатшунос.
«Ўрда»ни қандай оқибатлар кутмоқда
Сўнгги кунларда Қозоғистон расмийлари Гулнар Бажкеновага сохта маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик ва бунинг учун кўзда тутилган жазо, жумладан, қамоқ жазоси борлиги ҳақида бир неча бор эслатди. 6 сентябрь куни Олмаота прокуратураси Бажкеновага «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун талабларини «ёзма ва оғзаки шаклда» тушунтирганини ва «Ўрда» бош муҳарририга қаттиқ огоҳлантириш берганини маълум қилди.
Шу билан бирга, нашрнинг ҳаммуассиси Мақсат Ғаниев 70 фоиз акция эгаси сифатида Бажкеновани нашр бошқарувидан четлаштириш чораларини кўришини айтди. Унинг Бош прокуратура ҳамда Маданият ва ахборот вазирлигига йўллаган видеомурожаати КазТАГ агентлиги томонидан эълон қилинди. Ғаниев таҳририятнинг молиявий, бошқарув фаолияти, шунингдек, бош муҳаррир ҳаракатларининг қонунийлигига оид мустақил аудит ўтказилмагунга қадар «Ўрда» ва унинг ижтимоий тармоқлардаги аккуантлари фаолиятини вақтинчалик тўхтатишни талаб қилмоқда. Бажкенованинг ўзи эса ҳозирча сукут сақлаяпти.
Бу воқеада кимга ишонишни билмаётган кимсалар учун Президентнинг 8 сентябрдаги Мурожаатномасини томоша қилиш мантиқан тўғри бўлади. У эълон қилинганда нафақат парламентнинг иккала палатаси, балки ҳукумат аъзолари ҳам ҳозир бўлади.
-
19 Июль19.07«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
-
03 Июнь03.06«Тергов ишлари тахминларга асосланган ҳолда нохолис олиб борилмоқда»Адвокат Сергей Майоров билан блогер Миразиз Базаров ишига доир суҳбат
-
10 Август10.08ФотоСуусамир водийсининг ҳаётбахш ичимлигиҚимиз тайёрлашнинг қўҳна сирини кимлар асраётгани ҳамда олис яйловга бишкекнинг нега керак бўлиб қолгани ҳақида
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
27 Июль27.07«Асқаровнинг ўлимидан кўпгина жиноятчилар манфаатдор эдилар»«Фарғона» АА Бош директори Даниил Кислов мурожаати
-
25 Июль25.07Пахта ўрнига – сannabisЖаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ